Ҳукуматнинг 2026 йил 3 ноябрдаги 606-сон қарори билан бу борадаги низом тасдиқланди.

Низом транспорт авариялари ва ҳалокатлари, кимёвий хавфли ҳамда ёнғин-портлаш хавфи мавжуд объектлардаги фавқулодда вазиятлар, энергетика ва коммунал тизимлардаги авариялар, бино конструкцияларининг тўсатдан бузилиши каби ҳолатларни қамраб олади.

Жабрланганлар фавқулодда вазият юзага келган кундан бошлаб 30 кун мобайнида белгиланган шаклдаги аризани тўлдириб, тегишли комиссияга тақдим этиши керак.

Суд томонидан айбдорлар аниқлангунга қадар етказилган зарар тегишли туман ёки шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги махсус жамғармадан қопланади. Айбдор деб топилган юридик шахслар ёки уларнинг мансабдор шахслари зарарни белгиланган муддатда тўлиқ қоплай олмаган ҳолларда ҳам тўлов ушбу жамғармадан амалга оширилади.

Шунингдек, комиссия далолатномаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг қарорлари асосида бир марталик моддий ёрдам тўланади. Бу ёрдам айбдор деб топилган юридик шахслар ёки уларнинг мансабдор шахслари ҳисобидан берилади.

Моддий ёрдам миқдорлари қуйидагича белгиланган:

  • Ҳалок бўлган фуқаронинг оила аъзоларига — БҲМнинг 500 бараваригача. Маблағ унинг турмуш ўртоғи, болалари, ота-оналари ва қарамоғидаги шахслар ўртасида тенг улушда тақсимланади;

  • Оғир тан жароҳати олган фуқароларга — БҲМнинг 200 бараваригача;

  • Ўртача оғирликдаги тан жароҳати олган фуқароларга — БҲМнинг 150 бараваригача;

  • Енгил тан жароҳати олган фуқароларга — БҲМнинг 100 бараваригача.