Президент Шавкат Мирзиёев тўловга қобилиятсизлик институтини такомиллаштириш ва молиявий аҳволи оғир тадбиркорлик субъектларини соғломлаштириш бўйича янги ёндашувлар юзасидан тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, яратилаётган корхоналар ва иш ўринларини сақлаб қолиш, молиявий қийинчиликка дуч келган тадбиркорлик субъектларини эрта босқичда қўллаб-қувватлаш борасида ечимини кутаётган кўплаб масалалар бор.
Хусусан, фаолият кўрсатмаётган ва фаолияти тугатилган кичик корхоналар сони ўсиб боряпти. Чунки амалдаги тизим корхонани сақлаб қолиш ва қайта тиклашга эмас, кўпроқ унинг фаолиятини расмий тугатишга қаратилган.
Аввало, тўловга қобилиятсизлик таомиллари етарли даражада қўлланилмаяпти. Молиявий аҳволи оғирлашган 93 мингта тадбиркорнинг атиги 10 мингтаси бўйича тўловга қобилиятсизлик иши қўзғатилган. Судгача ва суд санацияси тизими амалда самарали ишламаяпти, сўнгги беш йилда атиги 68 та корхонага санация таомили қўлланилган, шундан ҳам фақатгина 7 тасининг фаолияти тикланган.
Суд бошқарувчилари фаолияти ҳам танқидий кўриб чиқилди. Қатор ҳолатларда иш юритиш муддатлари бузилгани, асоссиз хулосалар берилгани, сохта банкротлик аломатларини ўз вақтида ўрганиш механизми етарли эмаслиги қайд этилди. Суд бошқарувчиларига ҳақ тўлаш тизимидаги бўшлиқлар малакали мутахассисларни жалб қилишга тўсқинлик қилаётгани, айрим ҳолатларда эса ишларни сунъий чўзишга сабаб бўлаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, соҳа рақамлаштирилмагани, онлайн мониторинг ва назорат йўқлиги, банкрот ёки тўловга қобилиятсизлик ҳолатидаги корхоналарнинг очиқ реестри мавжуд эмаслиги, давлат органлари ўртасида маълумот алмашинуви етарли даражада йўлга қўйилмагани таъкидланди.

Шу муносабат билан соҳада давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш бўйича янги институционал ёндашувлар таклиф қилинди.
Хусусан, Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари бўйича агентлик ташкил этиш таклиф қилинди. Бу тузилма соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш, давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, банкротлик омилларини таҳлил қилиш ва бартараф этиш чораларини кўриш, корхоналарни молиявий соғломлаштиришга кўмаклашиш билан шуғулланади.









