АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари зобити қандай қилиб Эрон ҳудудида пайдо бўлиб қолди?
АҚШнинг F-15E Strike Eagle русумли қирувчи самолёти 3 апрел, жума куни Эрон ҳудудини бомбалашда иштирок этганида эронлик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилганди. Экипажнинг иккала аъзоси – учувчи ҳамда бортдаги қуроллар тизими учун масъул бўлган оператор – самолёт қулашидан олдин муваффақиятли катапулта қилинган.
The New York Times нашри аниқлик киритишича, учувчилар парашютларда маҳаллий аҳоли ёрдамига умид қилган ҳолда Эроннинг жануби-ғарбий қисмига, ислом республикасидаги ҳукмрон режимга мухолиф кучлар яшовчи ҳудудга тушишган (Америка нашри манбаси улар маҳаллий аҳолидан қандайдир ёрдам олганини очиқламаган). Ерга тушишганидан кейин икки ҳарбий ёпиқ алоқа тизими орқали ўзаро боғланган ҳамда геолокацияни узатиш учун авариявий маёқларни ёқишган.

Iranʼs First International News Network (@PressTV / X)
Мазкур ҳодиса АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари учун оғриқли зарба бўлди: бу наинки феврал ойи охирида бошланган катта урушда, балки дунёнинг турли минтақаларидаги ҳарбий ҳаракатлардаги 20 йилдан ортиқ вақт давомидаги иштироки давомида Американинг F-15 қирувчиси илк марта душман томонидан уриб туширилиши
бўлди (1 март куни ҳам худди шундай самолётлардан учтаси қулаган, аммо бунга Кувайт ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг «дўстона зарбаси» сабаб бўлганди). Аммо учувчилар асир тушиши Вашингтоннинг обрўси учун янада жиддийроқ зарар етказган бўларди.
Шунинг учун Америка сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти дарҳол кенг кўламли қутқарув амалиётини бошлади. Биринчи учувчининг жойлашуви тезда, катапултадан кейинги бир неча соат ичида аниқланди ва у эвакуация қилинди. Axios нашри манбаларга таяниб хабар беришича, ушбу амалиёт чоғида Эрон Американинг Blackhawk русумли вертолётига ҳужум қилган. Ҳаво кемаси экипажи аъзолари бу ҳужум чоғида жароҳат олган. Аммо вертолёт парвозни давом эттирган ва Эрон ҳарбийлари назорат қилмайдиган ҳудудгача етиб бора олган.
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг иккинчи зобитини қидириш ва эвакуация қилиш жараёни эса бир кундан ортиқроқ давом этди.













