Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трампнинг таҳдидлари давом этмоқда

Яқин Шарқдаги уруш давом этмоқда: сешанба куни Эрон ва Исроил ўзаро зарбалар алмашди; Теҳрон Ҳўрмуз бўғозини қайта очишни ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўт очишни тўхтатиш келишувини қатъиян рад этди.

Режадан хабардор манбага кўра, Эрон Покистон воситачилигидаги АҚШ таклифини рад этган. Ушбу таклиф зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, бўғознинг амалдаги блокадасини бекор қилиш ва шундан сўнг 15-20 кун ичида кенг кўламли тинчлик битими бўйича музокаралар ўтказишни кўзда тутганди.

IRNA расмий ахборот агентлиги хабар беришича, Эроннинг жавоби 10 та банддан иборат бўлиб, улар минтақадаги можароларга барҳам бериш, Ҳўрмуз бўғози орқали хавфсиз ўтиш протоколи, санкцияларни бекор қилиш ва қайта тиклаш ишларини ўз ичига олади.

Душанба куни Трамп: «Бутун мамлакат бир кечада йўқ қилиниши мумкин ва ўша тун эртага бўлиши эҳтимолдан холи эмас», деди. У агар Теҳрон белгиланган муддатгача рози бўлмаса, Эрон инфратузилмаларини йўқ қилишга ваъда берди.

Трампнинг айтишича, келишувга эришилмаса — чоршанба куни ярим тунгача «Эрондаги ҳар бир кўприк яксон қилинади» ва «Эрондаги ҳар бир электр станцияси ишдан чиқади, ёнади, портлайди ва бошқа ҳеч қачон фойдаланилмайди».

Дипломатик айтишувлардан ташқари, реал жанглар ҳам тўхтамаяпти. Сешанба куни эрта тонгда Исроил ҳарбийлари Теҳрон ва бошқа ҳудудлардаги Эрон ҳукумати инфратузилмасини нишонга олди.

Саудия Арабистони мудофаа вазирлиги ўзининг шарқий минтақасига йўналтирилган баллистик ракеталарни тутиб қолганини, парчалари энергетика объектлари яқинига тушганини билдирди.

Расмийларнинг маълум қилишича, уруш бошлаганидан бери Саудия Арабистони Эроннинг юзлаб ракета ва дронлари ҳужумига учради, уларнинг аксарияти тутиб қолинган.

Сешанба куни нефт нархи бир баррел учун 110 долларга кўтарилди. Чунки Трамп белгилаган муддат яқинлашмоқда ва Ҳўрмуз бўғозининг очилиш истиқболлари деярли кўринмаяпти. Бу Теҳрон учун кучли музокара воситаси бўлиб чиқди ва улар буни қўлдан бой бермоқчи эмас.