Тасдиғини топган жиноят
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2024 йил 6 майдаги ҳукми билан уч киши – Анвар Исломов, Авазбек Тошматов ва Жамолиддин Парпиев жиноий жазога тортилган. Улар жуда кўп миқдорда фирибгарлик ҳамда ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган.
Суд ҳужжатига кўра, судланувчилар жиноий тил бириктириб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишни кўзлашган. Бунинг учун пухта ўйланган жиноий режа тузилган.
Жиноий режага кўра, “Armagroup” ХК раҳбари номидан Ўзсаноатқурилишбанк Чилонзор филиалига қурилиш моллари сотиб олиш учун 3 ой имтиёзли давр ва йиллик 20 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 12 ой муддатга 10 млрд сўм кредит маблағлари ажратиш ҳақида мурожаат қилинган. Гаров таъминоти сифатида “Feruza Barakat Servis” МЧЖга тегишли кўчмас мулк қўйилган. Бунга асос сифатида банкка “Feruza Barakat Servis” МЧЖ таъсисчиларининг 2020 йил 20 ноябрдаги умумий йиғилиш қарори тақдим этилган. Бироқ ушбу ҳужжат гарчи МЧЖнинг юмалок муҳри билан тасдиқланган бўлса-да, директор ва таъсисчи имзоси сохталаштирилган бўлган.
Банк ва “Armagroup” ХК ўртасида 2 та кредит шартномаси тузилиб, 20 млрд сўм кредит ажратилган. Ушбу маблағ бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобрақамига мебел жиҳозлари, маиший техника ва қурилиш моллари сотиб олиш учун ўтказилган. Бироқ харид қилинган товарлар савдосидан тушган пул кредит қарздорлигини сўндиришга йўналтирмасдан шахсий эҳтиёжларга сарфлаб юборилган.
Шунингдек, шу усулда Ўзсаноатқурилишбанк Яшнобод филиалидан “Zamon Stroy Building” МЧЖга 10 млрд сўм кредит олишга эришилган. Бунга гаров таъминоти сифатида “Ohangaron Ilg’or Qurilish Ta’mirlash” МЧЖнинг 12,5 млрд сўмга кафиллиги, 12,5 млрд сўм суғурта полиси тақдим этилган. Бироқ бу маблағ ҳам мақсадсиз сарфлаб юборилган.
Шу тариқа, 2021 йил 30 декабр ҳолатига “Armagroup” ХК ва “Zamon Stroy building” МЧЖларнинг банк олдида кредит ҳамда ҳисобланган фоизлардан жами 31,8 млрд сўм қарздорлик вужудга келган.
Шундан сўнг судланувчилар ушбу қарздорликни сўндириш мақсадида АТБ Ўзсаноатқурилишбанк Яшнобод филиалидан 45 млрд сўм кредит олишни мақсад қилишган. Бунга гаров таъминоти сифатида “To’rtinchi Avtoxizmat” ва “Feruza Barakat Servis” МЧЖларга тегишли мулклар қўйилган. Бунинг учун банкка ушбу МЧЖларнинг кўчмас мулкларни кредит таъминотига қўйиш ҳақидаги умумий йиғилиш баённомалари тақдим этилган. Аммо бу ҳужжатларда ҳам МЧЖлар таъсисчиларининг имзоси сохталаштирилган бўлган.
Банк ва жамият ўртасида 2021 йил 30 декабр куни шартнома тузилиб, йиллик 24 фоиз устама ҳақи тўлаш шарти билан 18 ой муддатга 45 млрд сўм кредит ажратилган. Сўнгра аввалги 31,8 млрд сўм қарздорликни сўндириш учун 45 млрд сўмнинг 12 млрд 348 млн сўми “Zamon Stroy Building” МЧЖга, 20 млрд 363 млн сўми “Armagroup” ХКга ўтказилган. Маблағнинг қолган қисми турли мақсадларда ҳар хил жойларга кўчирилган. Шу тариқа, 45 млрд сўм мақсадли кредит сарфлаб юборилган.







