“Евроиттифоқ етакчилари ҳаммаси хурсанд: худога шукр, Венгрия ўзимизга қайтди, дейишяпти. Сайлов ўтиши биланоқ Будапештнинг Украинага ёрдам масаласидаги позицияси дарҳол ўзгарди”, дейди Камолиддин Раббимов. Фарҳод Каримовнинг қайд этишича, ташқи сиёсий вектор ўзгариши аниқ, лекин Орбаннинг 16 йиллик ҳокимиятидан кейин бошқарув бир зумда ўзгариб қолишини кутиш ярамайди.

Венгрияда 16 йил ҳокимиятда бўлган Виктор Орбан сайловларда мағлубиятга учради ва мухолифат етакчиси Петер Можар ғалаба қозонди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида иштирок этган сиёсатшуносларга кўра, у Орбан давридаги ташқи сиёсатдан аста-секин узоқлашиши кутилмоқда. Можар у Евроиттифоқ билан яқинлашади, шу билан бирга, Россия билан иқтисодий манфаатли алоқалар ҳам трансформацияга учрайди.

Янги етакчи Украина учун молиявий ёрдамни блокламаслигини эълон қилиб улгурди.

Орбан қурган тизимни ўзгартириш тез бўлмайди, бунинг учун ҳатто референдумлар талаб этилиши мумкин”

Фарҳод Каримов:

— Петер Можар сайловолди чиқишлари ва дастурида сайловчилар эътиборини асосан Виктор Орбан олиб борган ички ва ташқи сиёсатни танқид қилиш орқали қозонди. Айнан шу танқидий ёндашув унга сайловда ғалаба келтирди. Шундай экан, у келгусида ҳам шу йўналишни давом эттириши кутилади.

Венгрияда ички ва ташқи сиёсатда ўзгаришлар бўлиши мумкин, бироқ бу жараён тез кечмайди. Сабаби – Орбан 16 йил давомида давлат тизимини анча мустаҳкамлаб улгурган. Уни ўзгартириш учун конституцион ислоҳотлар, ҳатто референдумлар талаб этилиши мумкин. Шунингдек, Орбан шакллантирган бошқарув шакли, кадрлар тизими, ҳарбий ва молиявий институтлар ҳануз ўз таъсирини сақлаб қолади.

Шу боис Можар ҳокимиятга келиши билан бу тизимни қисқа муддатда тубдан ўзгартира олмайди. Аммо сиёсий позицияларда маълум ўзгаришлар кузатилади. Хусусан, Европа Иттифоқи билан яқинлашув, Украина масаласида мувозанатлироқ ёндашув ҳамда молиявий мажбуриятлар бўйича позициянинг қайта кўриб чиқилиши эҳтимоли мавжуд.

Можар сайловолди чиқишларида айнан шу йўналишни бир неча бор таъкидлаб, Венгрия сиёсатини Ғарб томон буришга интилишини билдирган эди. Бироқ бу ўзгаришлар бирданига юз бермайди, бунинг учун камида бир неча йил талаб этилади.