«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий, экологик муаммоларни ҳал этишга ёки уларнинг оқибатларини юмшатишга қаратилган фаолияти ижтимоий тадбиркорлик деб эътироф этилиши белгиланди.
Ижтимоий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
имтиёзлар ва преференциялар бериш;
ижтимоий лойиҳаларга доир харажатларни субсидиялаш;
давлат ижтимоий буюртмасини жойлаштириш;
молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;
ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
маслаҳат бериш, услубий ёрдам кўрсатиш ва ахборот жиҳатидан қўллаб-қувватлаш.
Қонунчиликка риоя этиш билан бир қаторда барқарор ривожланишга ҳисса қўшган ҳамда ўз фаолиятининг инсон ҳуқуқларига, атроф-муҳитга ва жамоат манфаатларига нисбатан салбий таъсирининг олдини олиш учун чоралар кўрган ҳолда тадбиркорликни амалга ошириш масъулиятли бизнес юритиш деб эътироф этилади.
Тадбиркорлик субъекти томонидан масъулиятли бизнес юритишнинг асосий мезонлари қуйидагилардан иборат:
инсон ҳуқуқларига риоя этиш;
меҳнатга ва ишлаб чиқаришга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай қонунга хилоф амалиётга йўл қўймаслик;
атроф-муҳитни, ўз ходимларининг ва аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатилишининг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш ва бошқалар.








