Антикоррупция агентлиги 2025 йил якунлари бўйича давлат ташкилоти ҳамда идораларининг очиқлиги индексини эълон қилди. Унга кўра, Сирдарё, Андижон, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимликлари энг ёпиқ ташкилотлар. Бундан ташқари, Судялар олий кенгаши ва Темирйўллар жамияти ҳам энг охирги ўринларда қолган. Kun.uz билан гаплашганлар фикрича, бу ташкилотлар учун матбуот, жамоатчилик юзинчи ўринда ҳам турмайди.

2022 йилда “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини ошириш ҳамда баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони имзоланган эди. Унга мувофиқ, давлат бюджети маблағлари ҳисобига ишлайдиган бу ташкилотлар фаолияти хусусида ўз ресурсларида маълумотларни омма билан бўлишиши керак. Антикоррупция агентлиги эса айнан шу фармонда белгиланган меъёрлар асосида очиқлик индексини эълон қилиб келмоқда.

Бу йилги рўйхатга кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ жамоатчиликка энг очиқ давлат ташкилоти деб топилган. Сирдарё, Андижон, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликлари энг ёпиқ, фаолияти борасида маълумотларни топиш деярли имконсиз идоралар сифатида кўрсатилди. “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ, “Алоқабанк АТБ”, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳам рўйхатнинг энг охирги ўринларида. Кўринадики, бу ташкилотлар президент фармонида кўрсатилган мезонлар талаблари доирасида ишни очиқ-ошкора ташкил этмаган.

Ёшлар ишлари агентлиги ва баъзи бошқа давлат ташкилотлари эса ўтган йилгиларга қараганда кўпроқ балл олиб, яшил тоифага ўтган.

Антикоррупция агентлиги бошқарма бошлиғи Қаҳрамон Ниязхаджаевга кўра, 4 та маҳаллий ҳокимият органлари “барқарор қизиллар” сифатида рўйхатдан жой олиб келмоқда.

“Афсуски, улар доимий қизил рўйхатда, мезонларнинг ҳаммаси президент фармонида белгиланган”, дейди у.

Агентлик вакилининг қўшимча қилишича, давлат ташкилотларидаги кадрлар ўзгариши ҳам уларнинг йиллик балларига салбий таъсир қилмоқда.

“Йилдан йилга ижобий камайишни кўряпмиз, лекин давлат ташкилотларининг очиқлик индексига энг кўп таъсир қилаётган масала – кадрларнинг иш алмаштириши. Яъни бир ходим кетиб, кейингиси келиб, ишини тушунгунича очиқлик бўйича мезон талаблари бажарилмай қолиб кетмоқда ва охирида ёмон натижалар келиб чиқяпти”,