Йиғилишда пойтахт миллий иқтисодиётда алоҳида ўрин тутиши қайд этилди. Бугунги кунда Тошкент шаҳри мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 21 фоизини таъминламоқда. Жорий йил “Пойтахтда жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши йили” деб эълон қилиниб, шаҳар иқтисодиётини 12 фоизга ошириш, 3,6 миллиард долларлик экспортни таъминлаш, 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва 616 минг аҳоли бандлигини таъминлаш каби катта марралар белгиланган.

Шу муносабат билан шаҳар ҳокимлиги, унинг 12 нафар ўринбосари ва 12 та туман ҳокими проактив иш ташкил қилиб, саноат, экспорт, инвестиция ва туризм соҳаларидаги эҳтимолий пасайишларнинг олдини олиши зарурлиги таъкидланди. Президент бунинг учун пойтахтда меҳнат ресурслари ҳам, молиявий имкониятлар ҳам етарли эканини таъкидлади.

Йиғилишда жорий йил янгича ёндашув асосида шаҳарнинг 12 та тумани аниқ бир саноат ёки хизмат кўрсатиш тармоғига ихтисослаштирилиши қайд этилди.

Жумладан, Бектемир тумани кимё саноати ва улгуржи савдога, Мирзо Улуғбек тумани кабель саноати, илм-фан, таълим ва ахборот технологияларига, Миробод тумани озиқ-овқат саноати, туризм ва умумий овқатланишга, Учтепа заргарлик, маиший хизмат ва чакана савдога, Чилонзор фармацевтика, савдо, хизмат кўрсатиш ва спортга, Шайхонтоҳур мебелсозлик ва гастротуризмга, Юнусобод қоғоз саноати ва туризмга, Яшнобод электротехника ҳамда транспорт-логистикага, Яккасарой енгил саноат ва молиявий хизматларга, Янгиҳаёт автомобилсозлик ва логистикага, Олмазор қурилиш материаллари саноати ва таълимга, Сергели эса металлургия, логистика ва автосервис соҳаларига йўналтирилади.

Тошкент шаҳрида ностандарт таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида охирги икки ҳафта давомида 23 мингдан зиёд тадбиркор билан учрашувлар ўтказилгани, 1 минг 300 дан ортиқ муаммо аниқлангани, шунингдек, тадбиркорлар томонидан 162 та янги таклиф ва ташаббус билдирилгани маълум қилинди. Бу таклиф ва муаммоларнинг бирортаси ҳам эътибордан четда қолмаслиги кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, пойтахтда махсус инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини жорий қилиш орқали янги тажриба яратилиши белгиланди. Жумладан, бизнес учун рухсатнома ва лицензиялар бериш ваколатини тегишли вазирлик ва идоралардан уларнинг ҳудудий бўлинмаларига тушириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг янги ёндашувларини жорий этиш, тадбиркорларнинг логистика билан боғлиқ муаммоларини тезкор ҳал қилиш тизимини йўлга қўйиш, айланма маблағ билан таъминлаш ва бизнесни кенгайтириш учун қулай шартларда янги молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш назарда тутилгани қайд этилди.