Ўзбекистон | 10:11
538
2 дақиқада ўқилади

Фавқулодда вазиятлар волонтёрлари учун янги тартиб ва имтиёзлар жорий этилди

Ҳукумат қарори билан волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни “Фавқулодда вазиятлар волонтёри” жамоатчилик гуруҳларига жалб этиш, уларнинг фаолиятини баҳолаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тасдиқланди.

Фото: Kun.uz

Ҳукуматнинг 2026 йил 17 апрелдаги 181-сон қарори билан “Волонтёрлар ва кўнгилли қутқарувчиларни “Фавқулодда вазиятлар волонтёри” жамоатчилик гуруҳларига жалб этиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, жамоатчилик гуруҳларига фақат 18 ёшдан катта бўлган Ўзбекистон фуқаролари жалб этилади. Аъзо бўлиш истагидаги шахслар аввал Волонтёрлар электрон платформаси (volontyor.uz) орқали рўйхатдан ўтиб, сўнг ҳудудий фавқулодда вазиятлар бошқармаларига ариза билан мурожаат қилади.

Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларига қатор имтиёзлар тақдим этилади. Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазири тавсияномаси асосида ФВВ академияси бакалавриатига ўқишга киришда тўпланган баллнинг 5 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади. Шунингдек, кўнгилли қутқарувчилар “маҳалла еттилиги” тавсияномасига кўра ҳудудий қутқарув тузилмаларига ишга қабул қилиш танловларида устуворликка эга бўлади.

Академияга кириш учун қўшимча балл берувчи тавсиянома ФВВ томонидан ўтказиладиган танлов ғолибларига тақдим этилади. Ушбу танлов 18 ёшдан 25 ёшгача бўлган волонтёрлар ўртасида ташкил этилади.

Волонтёрлар фаолияти туман (шаҳар), вилоят ва республика даражасида махсус мезонлар асосида баҳоланади. Улар орасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, қидирув-қутқарув ишларида иштирок этиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва эвакуация тадбирларидаги фаоллик каби кўрсаткичлар инобатга олинади.

Баҳолаш натижаларига кўра ҳар бир ҳудуддан бир нафардан, жами 14 нафар волонтёрга тавсиянома берилади. Мазкур тавсиянома 1 ўқув йили давомида амал қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш