БМТ бош қароргоҳида Бош котиб лавозимига номзодлар билан биринчи очиқ суҳбатлар бўлиб ўтади. Бу ҳақда AP News хабар берди.

Амалдаги бош котиб Антониу Гутерриш 2026 йил 31 декабрда лавозимини тарк этади. БМТ янги раҳбари 2027 йил 1 январдан бошлаб беш йиллик муддатга сайланади. Танлов жараёни юқори геосиёсий кескинлик шароитида ўтмоқда, бу эса номзодларнинг нисбатан кам - атиги тўрт нафар бўлишига олиб келди, деб таъкидламоқда нашр.

Номзодлар қуйидагилар:

- Мишел Бачелет (Чили, 74 ёш) – икки марта Чили президенти, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ Олий комиссари. Номзоди Бразилия ва Мексика томонидан кўрсатилган.

- Рафаэл Мариано Гросси (Аргентина, 65 ёш) – ХАЭА амалдаги бош директори (2019 йилдан). Аргентина томонидан кўрсатилган.

- Ребека Гринспан (Коста-Рика, 70 ёш) - Коста-Риканинг собиқ вице-президенти, 2021 йилдан ЮНКТАД (БМТ савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси) бош котиби. Коста-Рика номзоди.

- Маки Салл (Сенегал, 64 ёш) - Сенегалнинг собиқ президенти. Бурунди томонидан кўрсатилган (Сенегал ва Африка Иттифоқининг расмий кўмагисиз).

Мишел Бачелет
Рафаэл Мариано Гросси
Ребека Гринспан
Маки Салл

Аввалроқ Виржиния Гамба (Аргентина) ўз номзодини олиб ташлаган эди.

Анъанага кўра, БМТ Бош котиби лавозими минтақавий ротацияга амал қилади. Европа вакилидан (Гутерриш, Португалия) кейин кўпчилик Лотин Америкаси номзодини кутмоқда. Айнан шунинг учун дастлабки уч даъвогар кучлироқ позицияга эга.

Якуний қарорни БМТ Бош Ассамблеяси Хавфсизлик Кенгаши тавсиясига кўра қабул қилади, бу ерда доимий аъзолар вето ҳуқуқига эга.