Сайловдаги асосий сиёсий куч, афтидан, Қозоғистоннинг йирик тадбиркорларини ўзида бирлаштирган янги тузилган «Адилет» (Адолат) партияси бўлади. Уларнинг барчаси президент Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг сиёсий йўлини қўллаб-қувватлаган.
Тўқаевнинг тушунтиришича, икки палатали парламент ўрнига бир палаталисини тузиш қонун чиқарувчи органнинг таъсирини кучайтиради ва давлат бошқарувида «аниқроқ мувозанатни» йўлга қўйишга ёрдам беради. Парламент тузилмасини ўзгартириш 15 март куни референдумда қабул қилинган Конституциянинг янги матнидаги асосий бандлардан бири бўлди.
Янги парламент – Қурултой 145 нафар депутатдан иборат бўлади. Улар қуйи палатада аввалгидек аралаш тизим бўйича эмас, фақат партия рўйхатлари асосида сайланади. Мустақил номзодлар сайлана олмайди.
Шу сабабли экспертларнинг давлат раҳбаридан фарқли ўлароқ, бундай сценарийда парламентнинг роли, аксинча, пасаяди, деган фикрга келгани ажабланарли эмас. Президент қўлида ҳокимиятнинг тўпланиши эса юқорилигича қолади, зеро янгиланган конституция унга аввалги президентлик муддатларини бекор қилиш имконини берди.
Тўқаевнинг ўзи парламент сайловини «мамлакат ҳаётидаги энг муҳим воқеа» деб атади. «Биз тақдирҳал воқеалар остонасида турибмиз. Олдинда бизни жуда масъулиятли давр кутмоқда», — деди президент.









