Қайд қилинишича, Ўзбекистон 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш, экспорт географиясини яна 100 та давлатга кенгайтиришни мақсад қилган.

Йиғилишда ушбу марраларга эришиш учун озиқ-овқат хавфсизлиги тизими халқаро стандартларга тўлиқ мос бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Ҳозирга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва назорати билан учта идора шуғулланиб келмоқда. Оқибатда санитария, ветеринария ва карантин органлари ўртасида ягона маълумотлар базаси шаклланмаган, айрим вазифа ва функциялар бир-бирини такрорламоқда. Бу эса тадбиркорларнинг экспорт ва импорт жараёнларида ортиқча оворагарчиликка дуч келишига сабаб бўлмоқда.

Ўсимликлар карантини агентлигида 100 та, Ветеринария қўмитасида 115 та, санитария-эпидемиология тизимида 44 та вазифа ва функция мавжудлиги, шу билан бирга, маҳсулотни “етиштиришдан истеъмолчигача” кузатиб бориш тизими тўлиқ йўлга қўйилмагани кўрсатиб ўтилди. Экспортда ҳам ҳал этилиши зарур бўлган масалалар бор. Хусусан, Европа Иттифоқи томонидан маҳсулотларимизда пестицид қолдиқлари бўйича 25 та огоҳлантириш берилгани қайд этилди. Бу халқаро бозорларда рақобатбардошликни ошириш учун маҳсулот хавфсизлигини назорат қилиш тизимини тубдан ўзгартиришни талаб қилади.

Амалда назорат идоралари томонидан фақат якуний маҳсулотни текшириш билан чегаралангани, ишлаб чиқариш занжирида озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини кафолатловчи халқаро стандартларни жорий қилишга етарлича эътибор қаратилмагани қайд этилди. Шу муносабат билан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини чуқур ислоҳ қилиш ва халқаро талабларга мос ягона марказлашган тизим яратилиши белгиланди.

Унга мувофиқ, “даладан дастурхонгача” тамойили асосида барча назорат жараёнларини қамраб оладиган Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади. У Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария қўмитаси ва Санэпидқўмитанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналиши негизида шакллантирилади.

Янги тизимда эскирган, тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлаётган текширувлардан воз кечилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш бекор қилиниб, унинг ўрнига хавфга асосланган назорат ва текширув тартиби жорий этилади.

Бугунги кунда республикадаги 80 мингта объектдан фақат 1,6 мингтасида, яъни 2 фоизида бундай тартиб қўлланилмоқда. Энди хавфли маҳсулотлар тўғрисида тезкор хабар бериш ва уларни қайтариб олиш бўйича электрон тизим яратилади.