Платформа орқали бизнес вакиллари электрон рақамли имзо (ЭРИ) калити ёрдамида бир неча дақиқада рўйхатдан ўтади, маҳсулотларини бепул жойлаштиради ва автоматлаштирилган модерaциядан савдога чиқади. Мутахассисларга кўра, порталнинг асосий вазифаси харид жараёнларини тезлаштириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини оширишдан иборат.
Давлат харидларида қоғозбозлик, узоқ навбат ва инсон омилига боғлиқ жараёнлар тадбиркорлар учун йиллар давомида энг катта муаммолардан бири бўлиб келган. Энди эса ушбу тизимларни рақамлаштириш орқали савдо жараёнларини соддалаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва харидларни янада шаффофлаштириш мақсадида электрон кооперация портали фаолияти кенгаймоқда.
Портал вакилларига кўра, бугунги кунда тизимда 90 мингдан ортиқ ташкилот рўйхатдан ўтган бўлиб, улар давлат ва корпоратив харидларда онлайн иштирок этяпти.
“Электрон кооперация портали фаолияти, аввало, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида йўлга қўйилган. Тадбиркорлар платформада электрон рақамли имзо – ЭРИ орқали бир неча дақиқада рўйхатдан ўтиши мумкин. Тизим солиқ қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан интеграциялашгани сабабли ИНН, банк реквизитлари ва корхона маълумотлари автоматик шаклланади”, – дейди портал директори ўринбосари Амирилло Абдусаломов.

Таъкидланишича, платформага тадбиркор ўз маҳсулотини жойлаштириши учун қўшимча ҳужжат тўлдириши шарт эмас. Маҳсулотлар сертификат ва давлат стандарти ҳужжатлари асосида тизимга юкланади ҳамда модерaциядан ўтказилади.
“Платформада “стандарт оферта” механизми жорий қилинган бўлиб, у орқали маҳсулотлар инсон омилисиз автоматик тарзда актив ҳолатга тушади. Бу эса нотўғри маълумот киритиш, вақт йўқотиш ва ортиқча бюрократиянинг олдини олади”, – дейди масъул.

Ҳозир порталга кунига мингдан ортиқ оферта ва лотлар келиб тушади. Жараёнларни тартибга солиш учун электрон навбат тизими йўлга қўйилган. Ҳар бир тадбиркор ўз аризасининг қайси ўринда турганини шахсий кабинет орқали кузатиб бориши мумкин.
Модерация жараёнлари, одатда, бир иш куни ичида якунланади. Агар ҳужжатларда хато ёки камчилик бўлса, тизим орқали тадбиркорга изоҳ ва тавсиялар юборилади.






