Ўзбекистон | 08:58
759
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда автобус ва енгил автомобиль тўқнашди

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида Yutong русумли автобус ҳамда Tracker автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Ҳодиса оқибатида уч киши тан жароҳати олган.

Фото: Видеодан кадр

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизмати маълумотига кўра, воқеа 14 май куни соат тахминан 08:20 ларда содир бўлган.

69-сонли йўналишда ҳаракатланаётган Yutong русумли автобус ҳайдовчиси Шота Руставели кўчасидаги махсус BRT тасмаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган вақтда, “Шота Руставели — Яккасарой” кўчалари кесишмасида Tracker автомобили билан тўқнашган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Tracker ҳайдовчиси ҳаракат йўналишини кескин чап томонга ўзгартиргани оқибатида авария юз берган.



ЙТҲ натижасида автобус йўловчиси — 1991 йилда туғилган Т.М., шунингдек, Tracker ҳайдовчиси А.Т. ва унинг йўловчиси К.И. тан жароҳати олиб, 16-сонли шифохонага мурожаат қилган.

Маълум қилинишича, дастлабки хулосаларга кўра, ҳодисада Tracker ҳайдовчиси айбдор деб топилган. Йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган.
 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид