Самарқанд туманидаги Оқбўйра туризм қишлоғида 15 апрел куни содир бўлган портлашдан кейин аҳоли ўзини уйларида эмас, гўё фронт чизиғида яшаётгандек ҳис қилмоқда. Фуқароларнинг сўзларига кўра, портлаш оқибатида уй томларига тошлар келиб тушган, деворларда ёриқлар пайдо бўлган. Айримлар болалари қўрқиб кетганини айтса, яна бир фуқаро каттагина тош тунука томни ёриб кирганини маълум қилди.
Туризм қишлоғи мақоми берилган ҳудудда юз берган бу ҳолат хавфсизлик, экология ва назорат масалалари бўйича қатор саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда.
Kun.uz Самарқанд туманида бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганди.


Парвиз Саъдуллаев портлаш олдидан ташкилот вакиллари олдига бориб, изоҳ сўраганини айтмоқда. Масъуллар аҳолига катта портлаш бўлмайди, сизларга ҳеч қандай зарар етмайди, деган фикрни билдирган.


Аммо портлашдан кейин, кўплаб ҳовли девориларида ёриқлар пайдо бўлган. Эшик-деразалар, ойналар зарарланган.
Даврон Қўйсиновнинг айтишича, портлаш вақтида катта тош парчаси уйининг тунука томини ёриб кирган. Ҳозир тунука алмаштирилган. Аммо тош ҳам, зарар излари ҳам ҳануз сақланиб турибди.


Уй эгаси агар ўша вақтда хонадонда одам бўлганида, вазият аянчли якун топиши мумкинлигини билдирди.
Портлаш жойидан икки кўча нарида яшовчи Саодат Элмуродова ҳам ўша кунги вазиятни ҳалигача қўрқув билан эслайди.

Унинг айтишича, қаттиқ зарба овозидан кейин ногирон турмуш ўртоғи саросимага тушиб қолган. Аёл эса фарзандларининг аҳволидан хавотир олиб, портлаш ҳудудига яқинроқда яшайдиган ўғлининг уйига югурган. У етиб борганида келини қаттиқ шок ҳолатига тушиб қолгани, ҳовли эса қуюқ чанг билан қопланганига гувоҳ бўлган. Келини бешикдаги боласини олишга ҳам улгурмаган.












