Соғлом ҳаёт | 17:56 / 08.01.2026
3597
3 дақиқада ўқилади

ChatGPT саломатлик масалалари бўйича маслаҳат бўлимини ишга туширади

У таҳлиллар ва касаллик аломатларини тушунишга, шифокор қабулига тайёргарлик кўришга ёрдам беради, аммо ташхис қўймайди ва даволамайди.

Фото: iStock

OpenAI компанияси ChatGPT ичида саломатлик ва фаровонлик масалаларига бағишланган алоҳида бўлим - ChatGPT Health'ни тақдим этди. У таҳлиллар ва касаллик аломатларини тушунишга, шифокор қабулига тайёргарлик кўришга, трекер иловаларидан олинган маълумотларни тушунишга ёрдам беради.

Компаниянинг таъкидлашича, ҳозирнинг ўзидаёқ кўплаб одамлар саломатлик масалалари учун ChatGPT’дан фойдаланмоқда - ҳар ҳафта тахминан 230 миллион киши. Компания ҳар доим фойдаланувчилар фақат ишончли маълумотларни олишлари учун бот жавобларини яхшилашга ҳаракат қилади, аммо буни тўлиқ маълумотлар манзарасисиз амалга ошириш қийин эди. Айнан шу мақсадда хизмат ичида янги, алоҳида майдон яратилди.

Саломатлик билан боғлиқ барча нарсалар ChatGPT Health ичида қолади ва бошқа мулоқотларда ишлатилмайди. Фойдаланувчи нафақат баҳолаш учун кўпроқ маълумотларни, жумладан, тиббий карталарини тақдим этиши, балки ChatGPT ҳар доим долзарб маълумотларга эга бўлиши учун Apple Health ёки MyFitnessPal каби ташқи манбаларни ҳам улаши мумкин.

Буларнинг барчаси ботга мавҳум маслаҳатларга эмас, балки шахсий маълумотларга таянадиган жавобларни тақдим этиш имконини беради: сўнгги таҳлиллар, одатлар, фаоллик, овқатланиш. Бу, масалан, текширув натижаларини хотиржам таҳлил қилиш, шифокорга саволлар рўйхатини тайёрлаш ёки ҳолатнинг вақт ўтиши билан қандай ўзгаришини тушунишга ёрдам беради.

Шу билан бирга, OpenAI таъкидлашича, ChatGPT Health шифокор ўрнини босмайди ва ташхис қўйиш ёки даволаш билан шуғулланмайди. Унинг вазифаси кундалик масалаларда қўллаб-қувватлаш ва муҳим тиббий суҳбатларга тайёргарлик кўришдир, шунда одам ўзини ишончлироқ ҳис қилади ва кўпроқ маълумотга эга бўлади.

Таъкидланишича, махфийликка алоҳида эътибор қаратилган. Янги бўлим кучайтирилган ҳимоя билан тўлдирилган. Саломатлик чатлари ва файллари алоҳида сақланади, махсус шифрлашдан фойдаланилади ва асосий моделларни ўргатиш учун қўлланилмайди.

Лойиҳа шифокорлар билан биргаликда яратилган. Икки йил ичида OpenAI ўнлаб мамлакатлар ва йўналишлардан келган юзлаб амалиётчи мутахассислар билан ишлади. Улар жавобларга ёндашувни шакллантиришга ёрдам берди: қаерда мутахассисга мурожаат қилишни тавсия қилиш керак, мураккаб нарсаларни оддий тилда қандай тушунтириш керак ва нозик вазиятларда қандай қилиб зарар етказмаслик керак.

ChatGPT Health босқичма-босқич ишга туширилади. Яқин ҳафталарда кириш имкониятини кенгайтириш ва бўлимни барча учун веб-версияда ва iOS тизимида очиш режалаштирилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид