2023 йилда Ўзбекистонда никотин маҳсулотларига нисбатан қатъий чекловлар жорий этилганди. Бироқ мутахассислар бугун бу сиёсат кутилган натижани бермагани, аксинча вейп ва электрон сигареталар савдосини яширин бозорга буриб юборганини айтмоқда. Тошкентда ўтган давра суҳбатида ноқонуний айланма ва контрабанда ортиб бораётган бир пайтда никотин альтернативаларини назорат остида легаллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Таъкидланишича, мазкур тизим маҳсулот сифати, таркиби ва савдо занжири устидан давлат назоратини кучайтиришга имкон беради.

2023 йилда Ўзбекистонда никотин маҳсулотларига нисбатан чекловлар кучайтирилганди. Хусусан, ўша йилнинг 24 майида “Алкогол ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тарқатишни чеклаш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, у орқали тамаки ва никотин маҳсулотлари муомаласи, савдоси ҳамда истеъмоли бўйича янги тартиблар жорий этилганди.

Бу қарор ёшлар орасида вейп ва электрон сигареталар оммалашиб бораётгани фонида қабул қилинган бўлиб, расмийлар уни аҳоли саломатлигини ҳимоялаш зарурати билан изоҳлаган эди. Бироқ орадан вақт ўтиб, бошқа бир тезис кун тартибига чиқмоқда: тақиқ бозорни йўқ қилгани йўқ, аксинча уни яширин иқтисодиёт –“соя” сегментига суриб қўйган, яъни норасмий айланмани кучайтирган.

Пойтахтдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида бўлиб ўтган “Никотин альтернативаларини тартибга солишнинг долзарблиги” мавзусидаги давра суҳбатида айнан шу масала муҳокама қилинди. Тадбирда давлат идоралари масъуллари, экспертлар, журналистлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этиб, электрон сигареталар, вейп ҳамда бошқа никотин маҳсулотларига нисбатан олиб борилган тақиқ сиёсати таҳлил қилинди.

Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори Саида Сулаймонованинг таькидлашича, 2023 йилдаги тақиқ кутилган натижани бермаган ва аксинча яширин иқтисодиёт учун янги каналларни юзага чиқарган. Тадбирдан асосий мақсад “соя”даги бозорни очиқлаш, жараённи назорат остига олиш ва бу борада журналистлар фаоллигини оширишдан иборат.

“Қатъий чекловларга қарамай, бозор тўлиқ йўқолмаган. Аксинча, маҳсулотлар Telegram каналлари, ёпиқ онлайн савдо ва ноқонуний импорт йўллари орқали тарқалиб, назоратдан ташқари айланма шаклланган. Бу эса сертификатланмаган маҳсулотлар ва контрабанда ҳажмининг ортишига олиб келяпти”, – дейди у.