Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ҳўрмуз бўғозида АҚШ ва Эрон ўртасидаги тўқнашувлар денгиз ташувларига таъсир қилмоқда, АҚШ вакиллари Москва ва Киевга бориб, Украина уруши бўйича музокараларни қайта жонлантиришга уринди. Индонезияда эса Анак-Кракатау вулқони отилиши сабаб ўн минглаб йўловчилар парвозлари бекор қилинди.

Москва ва Киевдаги музокаралар

Украинадаги уруш бўйича дипломатик ҳаракатлар тикланди. АҚШ президенти махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер аввал Москвада Россия президенти Владимир Путин билан уч соатдан ортиқ музокара ўтказди, кейин эса Киевга бориб, Украина президенти Володимир Зеленский билан ҳам учрашди.

Бу фонда томонлар уч кунга ҳаво зарбалари тўхтатилишини маълум қилди.

Москвадаги учрашувда АҚШ вакиллари Украина бўйича бир қатор таклифларни илгари сурган. Бироқ ҳозирча томонлар ўртасида жиддий келишувга эришилгани ҳақида маълумот йўқ. Reuters агентлиги музокаралардан кейин ҳам асосий масалалар бўйича келишмовчиликлар сақланиб қолаётганини хабар қилди. Хусусан, Россия раҳбарияти ҳамон жанг майдонидаги устунлигини ҳисобга олишни талаб қилмоқда ва «можаронинг бирламчи сабаблари» бартараф этилишини хоҳламоқда.

Киевдаги музокараларда Франция, Германия ва Буюк Британия вакиллари ҳам иштирок этган.

Шунга қарамай, Вашингтон икки пойтахтдаги учрашувлардан сўнг Россия ва Украина ўртасида янги музокаралар ўтказиш имконияти пайдо бўлганини билдирмоқда.

Уч босқичли музокаралардан кейин томонлар уруш камида қишгача давом этишини тан олди. Хусусан, Зеленский «уруш барибир қишгача давом этадиган бўлса», Америка ва Европа ёрдамига умид қилишини билдирган. Ўз навбатида, Трампнинг элчилари Зеленский ва унинг жамоасига қишгача тинчлик музокараларида олдинга силжишга эришиш мумкинлигини айтган.

АҚШ Эрон танкерларига ҳужум қилмоқда

Ҳўрмуз бўғозида АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучаймоқда. АҚШ ҳарбийлари Эроннинг учта нефт ташувчи танкерини нишонга олганини маълум қилди. Бу Эрон томонидан АҚШ ҳарбий кемаларига ракета ҳужумлари уюштирилганидан кейин амалга оширилгани айтилган. Ўз навбатида, Эрон ҳам Американинг бўғоздаги бир неча танкерга ҳужум қилганини билдирган.