Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси қайта очилганидан кейинги илк ойда бир миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий меҳмонни қабул қилди. Реконструкция ишларидан сўнг мажмуа минтақадаги энг йирик зиёрат марказларидан бирига айланди.
Мажмуа томон йўл олганингизда узоқдан кўринган оқ гумбазлар ва баланд миноралар диққатни тортади. Ҳозир бу ерга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан ва хориждан келаётган меҳмонлар оқими деярли тўхтамаяпти.
63 гектар майдонда барпо этилган мажмуа ҳудудида масжид, илмий марказ, ҳадис мактаби, музей ва зиёратчилар учун инфратузилма жойлашган. Реконструкция ишларидан кейин ҳудудда пиёдалар йўлаклари, яшил майдонлар, сервис нуқталари ва кечки ёритиш тизими янгиланган.

Пайариқлик меҳнат фахрийси Аҳмадқул Турдиев мажмуа бугунги қиёфаси билан аввалги йиллардан анча фарқ қилишини айтди.
- Бу ерга келган одамлар аввало мажмуанинг маънавий моҳиятини ҳис қилиши керак. Шунчаки сайр ёки суратга тушиш учун эмас, Имом Бухорий меросини англаш учун келиши муҳим. Айримлар кириш ёки баъзи хизматларнинг пулли эканидан норози бўляпти. Лекин бундай катта ҳудудни сақлаш, ободонлаштириш ва шароитларни яхшилаш учун маблағ керак бўлади. Қолаверса, тушаётган маблағлар эҳтиёжманд ва кам таъминланган инсонларга ёрдам беришга ҳам йўналтирилади, - дейди у.

19 йилдан буён мажмуада ишлаб келаётган гид-экскурсовод Шуҳрат Бердимурадов ҳам ташриф буюрувчилар сони кескин ошганини айтди.
- Ҳозир мажмуада саккиз нафар гид меҳмонларга хизмат кўрсатади. Эрталаб соат 06:30-07:00 дан кечки 20:00 гача ишлаймиз. Бу ерга Туркия, Малайзия, Индонезия, араб давлатлари ва бошқа мамлакатлардан келувчилар кўп. Улар нафақат зиёрат, балки Имом Бухорий ҳаёти ва мероси ҳақида маълумот олишга ҳам қизиқади, - дейди у.
Бир ойда 1 миллиондан ортиқ меҳмон қабул қилаётган марказ учун саккиз нафар гид нисбатан кам экани ҳам кўзга ташланади. Мутахассислар фикрича, бундай объектларда ташриф буюрувчиларга сифатли хизмат кўрсатиш учун гидлар сонини ошириш, сервис хизматларини кенгайтириш ва инфратузилмани доимий ривожлантириб бориш талаб этилади.
Жаҳон тажрибасида йирик зиёрат ва тарихий объектларда айрим хизматларнинг пуллик бўлиши одатий ҳол ҳисобланади. Бу орқали обидаларни сақлаш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш имконияти яратилади. Хусусан, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, Тож Маҳал, Аё София ёки Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси каби объектларда ҳам шу амалиёт қўлланади.












