Ўзбекистон | 15:50
1463
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайта бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, буюк аллома хотирасига эҳтиром кўрсатди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди.

Зиёратгоҳ марказида жойлашган буюк ҳадисшунос Имом Бухорий ҳазратларининг табаррук мақбараси зиёрат қилинди. Ташриф чоғида Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.

Давлат раҳбари муборак Рамазон ҳайити арафасида улуғ ватандош, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг руҳи покларига эҳтиром бажо келтирилаётганини таъкидлади.

– Бухорий бобомиз Қуръони каримдан кейинги энг мўътабар манба бўлган ҳадислар тўпламини яратиб, бутун ислом оламида юксак обрў-эътиборга сазовор бўлган буюк алломадир. Муқаддас заминимиз дунёга ана шундай улуғ сиймоларни бергани билан фахрланишга арзийди, – деди президент.

Шунингдек, эл-юртнинг фидокорона меҳнати билан барпо этилган мазкур зиёратгоҳ Имом Бухорий ҳазратларининг оламшумул мавқеига муносиб экани қайд этилди.

Ташриф давомида ушбу табаррук маскан барча юртдошлар учун муборак бўлиши тилаб, эзгу дуолар қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид