Олимлар Тинч океанида шаклланган Эл-Нино кутилганидан тезроқ кучаяётганини қайд этмоқда. NOAAʼнинг янгиланган прогнозида 2026 йил кузи ва 2026–2027 йил қишида жуда кучли Эл-Нино кузатилиши эҳтимоли 90 фоиздан юқори экани билдирилган.
Бундан ҳам муҳимроғи, октябр–декабр даврида Эл-Нино интенсивлигини ифодаловчи кўрсаткич меъёрдан 2,5 даража Целсий ёки ундан юқори бўлиши эҳтимоли 69 фоизга баҳоланмоқда. Агар ушбу прогноз амалга ошса, жорий Эл-Нино NOAA кузатувлари бошланган 1950 йилдан буён қайд этилган энг кучли ҳодисага айланиши мумкин.
Аввалги прогнозларда ҳам Эл-Нино кучли бўлиши кутилган эди. Бироқ Тинч океанидаги сув ҳароратининг жадал кўтарилиши ва океан ҳамда атмосфера ўртасидаги боғлиқликнинг кучайиши олимларни прогнозларни қайта кўриб чиқишга ундади.
Масалан, NOAA июн ойида жуда кучли Эл-Нино эҳтимолини 63 фоизга баҳолаган эди. Ўша пайтда ҳам ҳодиса 2026–2027 йил қишига қадар кучайиб бориши ва тарихдаги энг йирик Эл-Нино ҳодисалари қаторига кириши мумкинлиги айтилган.
Эл-Нино қачон энг юқори нуқтага чиқади?
Компютер моделларига кўра, Эл-Нинонинг энг кучли даври куз охири ва қиш бошига тўғри келиши мумкин.
Олимлар океан ҳароратини баҳолашда бир кунлик ёки қисқа муддатли кўрсаткичларга эмас, балки бир неча ойлик ўртача қийматларга эътибор қаратади. Бу океандаги қисқа муддатли ҳарорат ўзгаришларининг умумий прогнозга таъсирини камайтириш имконини беради.
Эл-Нинонинг жадал кучайишига Тинч океанининг тропик қисмида тўпланган катта миқдордаги иссиқлик ҳам таъсир қилмоқда. NOAA маълумотларига асосланган таҳлилларда океан юзаси остида айрим ҳудудларда ҳарорат меъёрдан 10 даражагача юқори экани қайд этилган.
Рекорд янгиланиши мумкин
NOAA Эл-Нино интенсивлигини 1950 йилдан буён кузатиб келади. Янги ҳодиса тарихдаги энг кучли Эл-Нино даврлари билан рақобатлашиши, ҳатто улардан ҳам кучли бўлиши мумкин.
Хусусан, 1982–1983 ва 1997–1998 йилларда жуда кучли Эл-Нино ҳодисалари кузатилган. Жорий прогноз амалга ошса, 2026 йилги ҳодиса ушбу тарихий кўрсаткичлардан ҳам юқори даражага чиқиши мумкин.
Қурғоқчилик ва тошқинлар хавфи ошиши мумкин
Эл-Нино — Тинч океанининг экваториал қисмида сув юзаси ҳароратининг одатдагидан юқори кўтарилиши билан боғлиқ табиий иқлим ҳодисаси. У океан ва атмосфера циркуляциясига таъсир қилиб, дунёнинг турли минтақаларида об-ҳаво шароитларини ўзгартириши мумкин.
Кучли Эл-Нино айрим ҳудудларда ёғингарчилик ва тошқинлар эҳтимолини оширса, бошқа минтақаларда қурғоқчилик хавфини кучайтириши мумкин. Жумладан, Австралия ва Индонезияда қурғоқчилик хавфи ортиши, Жанубий Америка, Африка ва АҚШнинг айрим ҳудудларида эса ёғингарчилик миқдори ўзгариши мумкин.
Шу билан бирга, олимлар ҳатто рекорд даражадаги Эл-Нино ҳам муайян мамлакат ёки ҳудудда аниқ бир хил об-ҳаво сценарийсини кафолатламаслигини таъкидламоқда. Ҳодисанинг кучайиши муайян иқлим оқибатлари эҳтимолини оширади, аммо маҳаллий об-ҳавога бошқа атмосфера жараёнлари ҳам таъсир кўрсатади.
Олимлар учун яна бир муҳим омил — сўнгги ўн йилликларда тропик океанларнинг умумий ҳарорати кўтарилиб бораётганидир. Шу сабаб Эл-Нинонинг табиий таъсири глобал иқлим исиши фонида намоён бўлмоқда ва унинг дунё миқёсидаги оқибатларини баҳолаш янада мураккаблашмоқда.
Дунёга рекорд даражада кучли Эл-Нино яқинлашмоқда
09:196 4154 мин
Тинч океанида кучайиб бораётган Эл-Нино ҳодисаси кузатувлар тарихидаги энг кучлисига айланиши мумкин. АҚШ Миллий океан ва атмосфера тадқиқотлари бошқармаси (NOAA) баҳосига кўра, 2026 йил октябр–декабр ойларида Эл-Нинонинг тарихий даражага етиш эҳтимоли қарийб 70 фоизни ташкил этмоқда.









