Германиянинг махсус вазифаларни бажарувчи кучлари Россия билан эҳтимолий урушга ҳозирлик кўришни бошлади. Жангчилар бир неча кунлик рейдлар ўрнига дала шароитида анча узоқ вақт қолиб кетишга тайёрланмоқда.
Махсус вазифаларни бажарувчи кучлар (KSK) қўмондони, бригада генерали Андреас Кюне билан суҳбатдан парчалар келтирилган мақола 27 октябрь куни эрталаб Германиянинг Bild нашрида эълон қилинди.
«Биз асосий душман — Россияга эътибор қаратдик», — деди ҳарбий хизматчи нашрга ва махсус кучларнинг сара отряди тайёргарликдан ўтаётганини, унинг доирасида уч кунлик амалиётлардан анча узоқроқ давом этадиган — жангчилар душман ортида анча узоқ вақт қолиб кетишига тўғри келадиган операцияларга ўтиш режалаштирилаётганини сўзлаб берди.
Гап Россия билан уруш бошланган тақдирда, НАТО шарқий қанотида жанг олиб бориш шароитларига мослашиш ҳақида бормоқда. Генералнинг сўзларига кўра, душман танклар, артиллерия, учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда радиоэлектрон кураш (РЭК) воситаларига эга бўлиши, жанговар ҳаракатлар эса қаҳратон совуқ шароитида кечиши тахмин қилинмоқда.
Кюненинг айтишича, режага биноан, KSK отряди Германия Литвада жойлаштираётган 45-зирҳли танк бригадасидан олдинроқ жангга кириши керак бўлади. Генералнинг таъкидлашича, KSK Болтиқбўйи давлатларидаги ўқув машғулотлари доирасида ўз имкониятларини аллақачон намойиш этган ва Россия улардан хабардор.

















