Май ойида Россиянинг турли регионларида муфтийлар ҳамда бошқа мусулмон диний арбоблар ва жамоатчилик фаоллари ушланаётгани ва ҳибсга олинаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Уларнинг айримлари террорчилик моддаси бўйича – «Мусулмон биродарлар» ташкилоти билан ҳамкорлик қилишда айбланмоқда. Исломшунос сиёсатшунослар, мустақил журналистлар ва ҳатто Z-блогерлар ҳам бу таъқиблар тўлқинининг мақсади сифатида хавфсизлик кучларининг Россия Мусулмонлар идораси ва шахсан унинг раҳбари муфтий Равил Гайнутдин билан курашини кўрсатмоқда. «Медуза» бу ҳақда нималар маълум эканини кўриб чиқди.

Россияда машҳур муфтийлар ва мусулмон диний арбоблар қўлга олинмоқда

Мамлакатнинг турли ҳудудларида муфтийлар, мусулмон диний ва жамоат арбобларининг ушланиши ва ҳибсга олиниши ҳақидаги хабарлар май ойи ўрталарида пайдо бўла бошлади. Бир қарашда бир-бирига боғлиқ бўлмаган учта асосий ишни ажратиб кўрсатиш мумкин.

  • Саранскда Мордовия муфтийси Раил Асаинов пора беришда гумонланиб қўлга олинди. Кучишлатар тузилмалар версиясига кўра, у талабалар сессияни топширишлари учун Мордовия давлат университетидаги дастурлардан бирининг раҳбарига пора беришга уринган. Асаиновни тез орада қўйиб юборишди. У билан бирга Мордовия мусулмонлар жамоасининг яна беш нафар фаоли ҳибсга олингани хабар қилинган. Уларнинг тақдири номаълум.
  • Москвада Жанубий Бутоводаги масжид имоми, Карелия собиқ муфтийси Висам Али Бардвил 15 кунга ҳибс қилинди. У Шереметеводаги аэропортда полицияга бўйсунмасликда айбланган.
  • «Коммерсант» маълумотига кўра, май ойининг биринчи ярмидаёқ «Мусулмон биродарлар» террорчилик ташкилоти фаолиятида иштирок этишда айбланиб, «Шимоли-ғарбий мусулмонлар жамоаси»нинг собиқ раҳбари Муҳаммад Хенни, унинг қариндоши Регина Хенни, Саратов области муфтийси ўринбосари Нидал ал-Хих (фаластинлик), ингуш илоҳиётшуноси Аҳмад Тангиев ҳамда яна тўрт кишини ҳибсга олганди. Турли хабарларга кўра, бу иш бўйича фигурантлар Петербург, Саратов ва Шимолий Осетияда ҳибсга олинган.

Қўлга олинганлар ва ҳибсга олинганлар диндорлар орасида машҳур бўлган, дейди сиёсатшунос ва исломшунос Ринат Мухаметов. Масалан, москвалик имом Али Бардвил ёшлар орасида кўзга кўринган воиз ҳисобланган, чунки у дунёвий тилда ваъз қилишга ҳаракат қилган. Диншунос Аҳмад Тангиев ўз она юрти Ингушетияда нуфузли имом ҳисобланган ва аксилтеррор маърифий тадбирларида иштирок этган. Исломшунос Муҳаммад Хенни «жамоатчиликка мойил тарғиботчи» деб аталган.