Иш жойидаги тазйиқ ва зўравонликка қарши янги дастур қабул қилинди

Президентнинг «Меҳнат соҳасида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, давлат идоралари ва ташкилотларида хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳитини таъминлаш дастури босқичма-босқич жорий этилади.

Жумладан, 1 декабргача Бошқарув самарадорлиги агентлигининг ахборот тизимларида давлат органлари ва ташкилотлари учун «Хавфсиз ва ҳурматга асосланган иш муҳити» ахборот портали ишга туширилади. Портал орқали иш жойидаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолати бўйича онлайн мурожаат юбориш мумкин бўлади.

Тазйиқ ва зўравонликка оид мурожаатларни текшириш, далилларни тўплаш, хулоса тайёрлаш, ахборот алмашиш ва мулоқот жараёнлари ҳам портал орқали амалга оширилади. Ўтказилган текширувлар, уларнинг натижалари, кўрилган чоралар ва ушбу қарорларнинг ўзгартирилишига оид маълумотлар порталда сақланади. Уларни йўқ қилишга йўл қўйилмайди.

Бухоронинг тарихий қисмида баъзи транспорт воситалари ҳаракати чекланади

Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида 1 октябрдан бошлаб йўловчи ташишга мўлжалланмаган воситалар ҳаракати чекланади. Бу ҳақда Бухоро шаҳри ҳокимининг қарорида белгиланди.

Жумладан, Арк қўрғонидан Пойи калон ансамбли, Ҳақиқат кўчаси бўйлаб, Лаби-ҳовуз ансамблигача бўлган ҳудудда қонунчилик талабларига мувофиқ бўлмаган йўловчи ташиш ва индивидуал ҳаракатланиш воситалари, жумладан электроскутер, рикша, мопед, 4 ғилдиракли велосипед, электросамокат, картинг, от ва туяда ҳаракатланишини чеклашга оид чоралар кўрилади.

Бунга тартибсиз ҳаракатланишлар хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлигига таҳдидлар, пиёдаларнинг соғлиғига шикаст етказилиши билан боғлиқ ҳолатлар сабаб бўлгани айтилмоқда.

Фарғонада автомобил бошқарган ўсмирнинг отасига чора кўрилди

Фарғона вилояти, Сўх туманида 5-синф ўқувчиси кўчада автомобил ҳайдаётгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига кўра, транспорт воситасининг эгаси аниқланиб, жарима майдончасига қўйилган. Ҳолат юзасидан унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) ҳамда 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Энди ота фарзандининг қилмиши учун жарима тўлаши мумкин. У билан профилактик суҳбат ҳам ўтказилган.

Тошкент метроси бир ҳафтада иккинчи бор рекордни янгилади

Тошкент метрополитенида бир кунда ташилган йўловчилар сони бўйича навбатдаги рекорд қайд этилди. 21 сентябр куни метро хизматларидан жами 1 181 581 нафар йўловчи фойдаланди, бу янги рекорд ҳисобланади. Бундан аввалги энг юқори натижа 14 сентябр куни қайд этилган эди. Ўша куни Тошкент метроси 1 165 550 нафар йўловчига хизмат кўрсатган. Янги кўрсаткич аввалги рекорддан 16 031 нафарга кўп бўлди.

Таъкидланишича, метрополитен мутахассислари олиб бораётган мониторинг ва таҳлиллар йўловчилар оқимининг ўсиш тенденцияси давом этаётганини кўрсатган.

Мавжуд кўрсаткичлар асосида октябр ойида метронинг кундалик йўловчилари сони 1,2 миллион нафарга етиши кутилмоқда.

Пора олиб, оқланган ЙПХ ходими яна пора билан қўлга тушди

Сурхондарёда муқаддам пора олганликда айбланиб, оқланган ЙПХ ходими яна пора олиб, 5 йилга қамалди.

Суд ҳукмига кўра, Ф.И. ИИБ тизимида ишлаб, 2014 йил июлда пора олиш жиноятида айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Кейинчалик Олий суд томонидан оқланган. Шундан сўнг ИИБ тизимига ишга тикланган ҳамда 2023 йил май ойидан Сурхондарё вилоят ИИБ ЙҲХБ катта инспектори лавозимида ишлаб келган. У 2026 йил 2 март куни пахта ортиб кетаётган юк машиналарни маскандан ўтказмасдан, тўхтатиб қўйган. Ўтказиш эвазига ҳар биридан 100 минг сўм талаб қилган. Тезкор тадбирда келишилган 4,1 млн сўмдан 4 млн сўмини олган вақтида ушланган.

Суд унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.