Япониянинг Нагоя шаҳрида XX ёзги Осиё ўйинлари футбол турнири давом этмоқда.

Ўзбекистон U23 терма жамоаси гуруҳ босқичининг якуний ўйинини Вьетнамга қарши ўтказиб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Голлар Муҳаммадали Ўринбоев ва Нурлан Ибраимов ҳисобига ёзилди.

Ушбу ғалабадан кейин ўзбекистонликлар ҳисобидаги очколар сони 9 га етди ва жамоа биринчи ўрин билан чоракфиналга чиқди.

Энди бош мураббий Равшан Ҳайдаров шогирдларини чоракфиналда Саудия Арабистонига қарши баҳс кутиб турибди. Ўйин 25 сентябр куни Тошкент вақти билан соат 10:00 да бошланади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинлари футбол турнири регламентига кўра, жамоалар 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат таркиб, шунингдек, 23 ёшдан катта 3 нафар футболчи билан иштирок этиши мумкин. Ўзбекистон терма жамоаси турнирда 21 ёшгача бўлган таркиб билан иштирок этмоқда. Бу Лос-Анжелес - 2028 олимпиадаси саралашида қатнашувчи жамоанинг етарлича тажриба тўплаши мақсадида қилинди.

Осиё ўйинлари футбол турнири 1990 йилдан буён ўтказилади. Турнирда Эрон ва Жанубий Корея 3 мартадан ғолиб бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон (1994 йилда), Қатар ва Япония ҳам олтин медалларни қўлга киритган.

Осиё ўйинлари 2026, С гуруҳи, 3-тур, Нагоя, 22 сентябр

Ўзбекистон U23 – Вьетнам U23 2:0

Голлар: Муҳаммадали Ўринбоев (5), Нурлан Ибраимов (67)

Ўзбекистон: Самандар Муратбаев, Саидхон Ҳамидов, Дилшод Муртазоев, Ғиёсжон Ризақулов, Қувончбек Хушвақтов, Амирбек Саидов (Нурлан Ибраимов 46), Муҳаммадали Ўринбоев, Асилбек Жумаев, Диёр Абдуназаров, Азизбек Тўлқинбеков, Оллаберган Каримов (Равшан Хайруллаев, 46).

photo_2026-09-22_11-57-56