Урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси Тошкент шаҳридаги айрим яшил ҳудудлар ўрнида автотураргоҳ қурилиши, жамоат парки режалаштирилган ҳудудлар аукцион савдоларига чиқарилгани билан боғлиқ хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қўмита шаҳар марказидаги мавжуд яшил ҳудудлар қисқариши, аҳоли сайр қилиши ва дам олиши учун қулай жамоат жойлари ўрнида конструктив қурилишлар бўлиши мутлақо мақсадга мувофиқ эмаслигини қайд этган.

«Автотураргоҳлар ташкил этишда кўкаламзор майдонлар қисқаришига ҳамда пиёдалар учун яратилган шароитлар ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги керак», – дейилади баёнотда.

Шунингдек, «Наврўз» боғига тегишли кўчмас мулк объектларидан бирининг ер майдонида ҳукумат қарорига мувофиқ жамоат парки барпо этилишини таъминлаш зарурлиги таъкидланган.

Миллий қўмита Тошкент шаҳридаги мавжуд яшил ҳудудлар қисқаришининг олдини олиш, жамоат парки учун белгиланган ҳудудни сақлаб қолиш, ундан фақат белгиланган мақсадларда фойдаланиш ва аҳоли манфаатларини таъминлаш шарт, деб ҳисоблашини билдирган.

Миллий кутубхона ортида автотураргоҳ қуриш режаси

photo_2026-09-21_15-40-50

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Алишер Навоий номидаги миллий кутубхонанинг орқа ҳудудида жойлашган 1,3 гектарлик ер участкасид давлат-хусусий шериклик асосида автотураргоҳ қуришни режалаштирмоқда. Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг тегишли қарори қабул қилинган.

Ер участкаси 514 млн сўм билан электрон аукционга чиқарилади. Ер участкасини 10 йил муддатга оладиган хусусий шерик 10 млрд сўмлик инвестиция киритиши керак бўлади.

Шартларга кўра, автотураргоҳда ҳар бир автомобилдан олиниши лозим бўлган тўловларнинг 15 фоизи давлат шеригига, 5 фоизи эса «Пуллик тўхташ жойи» операторига ўтказиб берилади.

«Наврўз» боғининг кўчмас мулклари сотувга қўйилган

photo_2026-09-22_14-18-54

Ҳукумат янги хусусийлаштириш дастури доирасида Тошкент шаҳри Юнусобод тумани Матонат маҳалласи, Шароф Рашидов кўчасидаги иккита давлат объектини сотувга чиқарган. Бу ерлар иккита лотда электрон савдога қўйилган.