Тақдимотда қайд қилинишича, 2030 йилга бориб, мамлакат иқтисодиёти ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган, аҳоли сони эса 41 миллиондан ортиши кутилмоқда.

Саноатнинг ўзида электр энергияси истеъмоли 2030 йилгача 38 миллиард киловатт-соатдан 53,5 миллиард киловатт-соатгача ўсиши прогноз қилинмоқда. Электромобиллар ва дата-марказлар ривожланиши ҳам тизимга қўшимча юклама беради. Шу боис, генерация қувватларини талабдан олдин ривожлантириш, электр тармоқларининг ўтказувчанлигини ошириш ва етарли захира қувватларини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.

Режага кўра, 2030 йилга бориб, мамлакатдаги генерация қувватлари 46,1 гигаваттга етказилиб, йилига қарийб 129 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилади. 2035 йилда эса қувватларни 57,2 гигаваттга, йиллик генерацияни 154,7 миллиард киловатт-соатга етказиш кўзда тутилган.

Тақдимотда электр энергияси истеъмолининг турли ўсиш сценарийлари ҳам кўриб чиқилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, истеъмол мўътадил ўсганда 2030 йилгача генерация ва талаб ўртасида етарли мувозанат сақланади. Бироқ иқтисодиёт, саноат, электр транспорт ва рақамли инфратузилма тез суръатларда ривожланган тақдирда қўшимча генерация қувватларига эҳтиёж пайдо бўлади.

Давлат раҳбари энергетика соҳасидаги режалар иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилиши, тизимда доимо етарли захира қуввати бўлиши шартлигини таъкидлади.

Шундан келиб чиқиб, қўшимча шамол электр станциялари ва энергия сақлаш тизимларини барпо этиш, амалга оширилаётган қуёш ва шамол энергетикаси лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Айни пайтда иқтисодий самарадорлиги паст, молиялаштириш манбаси аниқ бўлмаган ёки узоқ вақтдан буён кечикаётган айрим лойиҳаларни қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди. Янги қувватларни танлашда фақат уларнинг ҳажми эмас, балки электр энергияси таннархи, тармоққа уланиш имконияти, энергия сақлаш тизимлари билан уйғунлиги ва умумий энергобалансга таъсири асосий мезон бўлиши белгиланди.

Қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ортиб борган сари энергия сақлаш тизимларининг аҳамияти ҳам ошмоқда.

Бундай тизимлар кундузи қуёш ва шамол станцияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясини тўплаб, уни кечки юқори юклама вақтида тармоққа узатиш имконини беради. Бу анъанавий электр станцияларида қўшимча газ ёқиш заруратини камайтириб, бутун тизим барқарорлигини оширади.