Тақдимотда ўтган даврда марказ томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Марказ жорий йилнинг 17 март куни расман иш бошлади. 1 июнь ҳолатига кўра, марказга ярим миллион нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳлар келган. Кунлик давомат сони ўртача 6 минг нафарни ташкил этмоқда.

Мажмуа таркибида Болалар музейи ташкил этилди, Имом Бухорий инновацион музейининг фаолияти йўлга қўйилди. Бинода Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази жойлаштирилди. Гид-экскурсоводлар ва назоратчилар хизмати ташкил қилинди. Илмий ва инновацион йўналишда 810 та лойиҳа амалга оширилди. Бу ишларда 2 мингга яқин маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этди.

Марказда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ва китоб тақдимотлари ташкил этиб келинмоқда. Ушбу тадбирларга бугунга қадар 5 мингдан зиёд иштирокчи жалб этилди.

Маданий меросни қайтариш ва фондларни бойитиш йўналишида мингдан зиёд артефакт Ўзбекистонга қайтарилди. Марказ кутубхона фонди таркибида 3 мингдан ортиқ нодир нашр мавжуд бўлиб, 762 таси имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган. Фонд рақамлаштирилмоқда, электрон чиплар ўрнатилмоқда.

Муассаса фаолиятига замонавий технологиялар ва рақамли инновациялар ҳам кенг жорий этилмоқда. Меҳмонлар учун робот-гидлар харид қилинди, мультимедиа ва интерфаол қурилмалар экспозицияларга жойлаштирилди. Марказ “Дунёнинг энг йирик ислом цивилизацияси музейи” сифатида “Гиннесснинг жаҳон рекордлари китоби”га киритилди.

Тақдимотда марказни янада ривожлантириш бўйича келгуси режалар ҳам кўриб чиқилди.

Аввало, илмий-тадқиқот ва нашр ишларини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Марказнинг илмий журналини халқаро “Scopus” ва “Web of Science” базаларига киритиш, илмий марказларнинг ягона интеграциялашган платформасини яратиш, қўлёзмаларнинг рақамли каталогини тайёрлаш режалаштирилган.

Диний-маърифий соҳадаги магистр ва докторантлар учун “Ислом маърифати” стипендиясини жорий этиш, дунёга машҳур олим ва экспертларнинг китоблари тақдимотларини ташкил этиш режалаштирилган. Келгуси босқичда 20 минг нафар ёшлар, диний-маърифий соҳа вакиллари, жумладан, имом-хатиблар ва отинойиларни марказ фаолиятига жалб этиш кўзда тутилмоқда.