Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Гугурт цехида ишлаб, дастурлаш курсларига борардим”: бир лойиҳадан $10 000 гача даромад топаётган Бекзод Мирзақулов ҳикояси
У ҳозир PDP университетининг 3-курс талабаси бўлиб, backend ва fullstack йўналишларида фаолият юритади. Бекзод дастлаб контракт асосида олий таълимга қабул қилинган, бироқ молиявий имконият йўқлиги сабаб ўқишни давом эттира олмаган. Кейинчалик гугурт цехида ишлаб, IT соҳасини мустақил ўрганган ва бугун 10 минг долларлик лойиҳаларда ишлаётган талабалардан бири. Kun.uz мухбири Ўзбекистоннинг шахсий сунъий интеллект (AI) экотизимини ишлаб чиқишни мақсад қилган ёш дастурчи билан унинг таълим йўли ва лойиҳалари ҳақида суҳбатлашди.
Бекзод механик ва ошпаз хонадонида оддий, меҳнатсевар оилада вояга етди. Кўпчилик ота-оналар каби унинг дадасида ҳам ўғлини жамиятда ҳурматли ҳисобланган шифокорлик касби эгаси сифатида кўриш орзуси бор эди.
Қаҳрамонимиз мактабнинг дастлабки йилларида ўқишга унчалик қизиқмаган. 5-синфдан кейин устозларининг “яхши ҳаёт калити – таълимда” деган гаплари унинг қарашларини ўзгартирди. Шундан сўнг, кимё ва биология фанларини чуқур ўрганиб, репетиторларга қатнади. Бироқ унда тиббиётга нисбатан ҳеч қандай қизиқиш йўқ эди.

“Ота-онам шифокор бўлишимни хоҳлашган, ҳамма орзу қиладиган соҳа деб уқтиришарди. Тўғри, мактабда кимё-биологияни яхши ўқидим, қўшимча курсларга бордим, лекин у ерда ўзимни, келажагимни кўра олмадим. Чунки қизиқиш йўқ эди. Инсон ўзи севган касб билан шуғулланса, ҳаёти давомида бир кун ҳам ишламагандек яшайди. Мен шунчаки ҳар куни эрталаб мажбурликдан ишга бориб келадиган одам бўлишни истамадим”, – дейди у.
Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинганда Бекзоднинг исми шартнома (контракт) асосида кирганлар рўйхатида эди. Ўша пайтда банклар таклиф қилган ва оддий оила бюджети учун катта бўлган кредит суммалари Бекзоднинг ота-онасига оғирлик қилди. Моддий етишмовчилик сабаб шартнома пулини тўлай олмаган ёш йигит олий таълим эшигидан қайтишга мажбур бўлди.

“Бошида қийналдим. Гўёки ҳамма олдинга кетаётган, мен эса бир жойда қотиб қолгандек бўлдим. Қўшниларнинг фарзандлари университетга қатнарди, бу пайт уйда ўтирардим. Ўзимни пойгада ютқазгандек ҳис қилганман. Ҳатто бир пайтлар ҳаёт шу билан тугадими, деган ўйлар ҳам ўтган. Ўзимни кераксиз одамдек ҳис қилганман”, – дея эслайди Бекзод.
Олийгоҳдан ҳужжатларини олиб қайтган ёш йигит изланишдан тўхтаб қолмади. У интернет орқали дастурлаш ва дизайн асосларини мустақил ўрганишга киришди. Кўп ўтмай, ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборган PDP академиясига борди. Аммо ўқиш харажатларини қоплаш ва оиласига ортиқча юк бўлмаслиги учун унга маблағ керак эди. Шу сабаб, йигит гугурт заводининг қоронғи ва иссиқ цехига ишга кирди. Ҳафтасига 3 кун, 12 соатлаб оғир экструдер ускунаси қаршисида сменада туриб операторлик қилди. Ойига 3,5-4 миллион сўм атрофида даромад топди. Энг муҳими, заводдаги оғир сменадан кейин ҳам чарчоқни енгиб, ҳафтасига 3 кун академияга қатнаш ва кечалари ухламай компютер қаршисида код ёзишни тўхтатмади.
Ушбу узлуксиз меҳнат ва амалиёт тез орада ўз мевасини берди. Академиядаги ўқиш якунида Бекзод яна бир бор муваффақиятсизликка учрашдан қўрқиб, уйдагиларига ҳам айтмасдан PDP университетининг “Unicorn” гранти имтиҳонларига ҳужжат топширди. Натижа эса кутилганидан ҳам аъло бўлди: у 100 фоизлик грант соҳиби бўлиб, бепул ўқиш, текин ётоқхона ва 3 маҳал овқатланиш имкониятини қўлга киритди.

“Университетга қабул қилинганим ва бепул ўқишимни эшитганимда мендан бахтли одам йўқ эди. Уйга қандай югуриб келганимни билмайман. Онамга бу ҳақида айтиб, бор овозим билан йиғлаб юбордим. Университетга кирдим, она, текин ўқийман, дедим. Волидамнинг ўша пайтдаги кўз ёшлари ва қувончини шунчаки сўз билан етказиб беролмайман”, – дейди қаҳрамонимиз ҳаяжон билан.
Бекзоднинг таъкидлашича, олийгоҳ унга молиявий мустақиллик ва ўз устида ишлаш учун катта вақтни тақдим этди. Қаҳрамонимиз ўқишни бошлаганидан кўп ўтмай backend (Go ва Python тилларида), кейинчалик эса fullstack (React, NextJS) йўналишида фриланслик фаолиятини йўлга қўяди.
Уни IT оламидаги дастлабки муваффақияти узоқ куттирмади. Атиги 3 ҳафталик фриланс буюртмасидан 450 доллар даромад топган талаба йигит, кўп ўтмай маҳаллий йирик заводлардан бирини тўлиқ автоматлаштириш бўйича 10 000 долларлик расмий шартномани имзолади. Лойиҳа кўламининг катталигини кўриб, у университет талабаларидан иборат 6 кишилик махсус жамоа (1 та DevOps, 2 та frontend, 2 та backend ва ўзи) тузди ва ишни муваффақиятли якунлади.
Бугун Бекзод учинчи курсда сунъий интеллект ва компютер кўриш тизимлари (YOLO, LLM моделлар) бўйича ихтисослашган ҳолда таҳсил олмоқда. У шунчаки дастурчи бўлиш эмас, глобал технологиялар билан рақобатлашишни мақсад қилган. Ҳозирда Бекзод иш жойларида ходимларнинг вақтини тежовчи “Sarhisob.com” платформаси ҳамда боғчаларда болалар хавфсизлигини сунъий интеллект орқали назорат қилиб, ноодатий ҳолатларда ота-онага тезкор хабар юборадиган йирик стартап лойиҳалари устида ишламоқда.
“Нима учун ChatGPT ёки Grok каби йирик сунъий интеллект тизимлари фақат Американики бўлиши керак? Мақсадим шунчаки оддий чатбот яратиш эмас, мустақил код ёзадиган ва топшириқларни бажарадиган тўлиқ Ўзбекистон миллий AI экотизимини ишлаб чиқиш”, – дейди у.
Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
08:59 / 19.07.2024
Етакчи компаниялар PDP University’да эҳтиёжманд оила фарзандлари ўқиши учун 12 млрд 900 млн сўм грант ажратди
15:00 / 10.08.2022
PDP University'га кириш имтиҳонлари энди вилоят марказларида ҳам бўлиб ўтади!
17:08 / 05.08.2022
Грант! PDP University талабалари учун 11 компаниядан 3,3 млрд сўмлик таълим гранти ажратилди
20:00 / 14.07.2022