2026 йил 29 августдан бошлаб SWIFT халқаро тизими FIN MT хабарларини захира тартибида қайта ишлаш учун айрим давлатларга, жумладан, Ўзбекистонга нисбатан қўлланиб келган вақтинчалик чораларни (temporary measures) бекор қилади. Ушбу санадан кейин ISO 20022 стандарти талаблари ва MT–MX конвертацияси қоидаларига мос келмайдиган халқаро тўлов хабарлари SWIFT тизими томонидан автоматик равишда рад этилиши мумкин.
Шу сабабли банкларнинг ISO 20022 стандарти талабларига тайёрлиги халқаро ҳисоб-китобларнинг узлуксиз амалга оширилишини таъминлашда муҳим омилга айланмоқда. Банк сектори учун мазкур ўзгаришларнинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, Fido Biznes жамоаси ўз дастурий ечимларида SWIFT’нинг янги халқаро хабар форматларини олдиндан қўллаб-қувватлашни жорий этди. Натижада компания мижозлари бўлган банклар янгиланган халқаро тўлов форматлари билан ишламоқда ва ўтиш даври якунланишига тўлиқ тайёр ҳолда кириб бормоқда.
Бугунги кунда SWIFT ISO 20022 функционаллиги Fido Biznes ечимларидан фойдаланаётган Ўзбекистон Республикасининг 12 та банкида жорий этилган. Компаниянинг дастурий ечимлари орқали ҳар куни минглаб халқаро SWIFT тўлов хабарлари қайта ишланади, операциялар ҳажми эса ойига ўн минглаб транзакцияларни ташкил этади.
ISO 20022 билан ишлашда Fido Biznes ечимларидан фойдаланаётган банклар қаторига Бизнесни ривожлантириш банки (BRB), Халқ банки, Асакабанк, Universal Bank, Trastbank, Микрокредитбанк, Ҳамкорбанк, TBC Bank, Orient Finans Bank, AVO Bank, Asia Alliance Bank ва Ўзбекистон саноат-қурилиш банки (SQB) киради.
Fido Biznes’нинг интеграциялашган автоматлаштирилган банк тизимлари (ИАБТ)ни SWIFT халқаро тўлов тизими билан интеграция қилиш илк бор 2009 йилда амалга оширилган. Ўтган давр мобайнида компания халқаро ҳисоб-китобларни автоматлаштириш ва банкларнинг SWIFT инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш бўйича катта тажриба тўплади.
2023 йил охирида Fido Biznes SWIFT’нинг расмий ҳамкорига айланди. Бу компанияга ташкилот билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, долзарб материалларни тезкор олиш ҳамда банк мижозларини молиявий хабарлар алмашинуви бўйича янги халқаро стандартга ўз вақтида тайёрлаш имконини берди.
Нима учун ISO 20022’га ўтиш банклар учун муҳим?
ISO 20022’га ўтиш сўнгги йиллардаги халқаро тўлов инфратузилмасидаги энг муҳим трансформациялардан бири ҳисобланади. Янги стандарт анъанавий MT форматлари ўрнини эгаллаб, маълумотлар сифатини ошириш, жараёнларни автоматлаштириш ва тўловларни қайта ишлашдаги хатолар сонини камайтиришни таъминлайди.
Ўтиш даври якунлангач, ўз тизимларини янги талабларга мослаштирмаган банклар халқаро тўлов хабарларининг рад этилиши билан боғлиқ хавфларга дуч келиши мумкин. Шу боис ISO 20022 стандарти асосида ишлашга тайёр инфратузилмага эга бўлиш халқаро ҳисоб-китоблар узлуксизлигини таъминлашнинг муҳим омилига айланмоқда.








