Корпоратив интернет-банк узоқ вақт давомида юридик шахсларга хизмат кўрсатишнинг асосий рақамли канали бўлиб, тўловларни амалга ошириш, ҳисобварақларни бошқариш ва ҳужжатлар билан ишлаш имконини таъминлаб келди.
Бироқ сўнгги йилларда бизнеснинг кутишлари сезиларли даражада ўзгарди. Ўзбекистондаги рақамли банкинг бўйича тармоқ тадқиқотлари шуни кўрсатадики, бугунги кунда корпоратив мижоз учун рақобат нафақат банк хизматлари тўплами, балки рақамли мижоз тажрибасининг сифати, хизматларни ривожлантириш тезлиги ва масофадан туриб ишлаш қулайлиги билан ҳам белгиланмоқда. Корпоратив мижоз учун масофавий хизмат кўрсатиш тўловлар, келишувлар ва банк хизматларини олиш жараёнлари амалга ошириладиган кундалик иш муҳитига айланди.
Экспертларнинг баҳолашича, юридик шахсларнинг асосий операцияларининг 70 фоизигача бўлган қисми аллақачон масофадан туриб бажарилиши мумкин. Шу билан бирга, мижозлар банкдан рақамли хизматларни чакана банкинг ва замонавий B2B-сервисларда одатланган тезликда ривожлантиришни кутмоқда.
Масофавий банк хизматлари каналидан корпоратив бизнеснинг рақамли платформасигача
Илгари корпоратив интернет-банк, аввало, операцияларни амалга ошириш канали сифатида қабул қилинар эди. Бугунги кунда унинг роли анча кенгайди. У банкнинг корпоратив бизнесига кириш нуқтасига айланмоқда.
У орқали банк:
— юридик шахслар учун янги маҳсулотларни ишга тушириши;
— мобил сценарийларни ривожлантириши;
— бизнеснинг турли сегментлари учун хизматларни шахсийлаштириши;
— ташқи сервислар ва давлат платформаларини улаши мумкин
Шуни алоҳида таъкидлаш муҳимки, амалдаги корпоратив интернет-банклар ўз вазифаларини бажармай қўйди, деган фикр назарда тутилмаяпти. Кўплаб ечимлар йиллар давомида банклар ва уларнинг мижозлари учун барқарор ишлашни таъминлаб келган ва ҳозир ҳам корпоратив бизнеснинг муҳим қисми бўлиб қолмоқда.
Агар илгари асосий вазифа юридик шахсларга масофавий хизмат кўрсатишни таъминлаш бўлган бўлса, бугунги кунда банклар рақамли ўзгаришлар тезлиги бўйича ҳам рақобатлашмоқда. Корпоратив мижозлар мобил сервислар, янги маҳсулотларни тез ишга тушириш, шахсийлаштирилган хизмат кўрсатиш сценарийлари ҳамда банкни ўз ички тизимлари билан интеграция қилиш имкониятини кутмоқда.
Микрокредитбанк вакиллари таъкидлаганидек:
“Бугунги кунда бизнес банкдан шунчаки тўловларни масофадан туриб амалга ошириш имкониятини эмас, балки молияни бошқариш учун тўлақонли рақамли муҳитни — мобиллик, хизматларнинг юқори тезлиги ва аксарият хизматларни онлайн олиш имкониятини кутмоқда”.








