Сўнгги йигирма йилда жаҳоннинг энг кучли футболчилари бўлиб турган Месси ва Роналду даври ўз ниҳоясига етмоқда. Бири 41 ёшда, бошқаси 24 июнда 39 га тўлган бу юлдузларнинг ўрнини яна кимлар боса олиши аниқмас.

Ёш футболчилар орасидан янги Месси ёки янги Роналду чиқиш-чиқмаслиги мавҳум бўлиб турган пайтда футбол оламига 18 ёшга тўлмасдан ажойиб натижалар кўрсатган ва бир қанча рекордлар ўрнатган Ламин Ямал исм шарифли ўсмир кириб келди.

У 16 ёшидаёқ Испания биринчилиги – Ла Лига чемпиони, 17 ёшгача бўлганлар ўртасида Европа чемпиони, Ла Лигада мавсумнинг энг яхши ёш ўйинчиси бўлади. Шунингдек, Испаниянинг асосий терма жамоасига чақирилади.

Ламин 17 ёшида Испания терма жамоаси таркибида ўйнаб, Европа чемпиони бўлади. Европанинг энг иқтидорли футболчисига бериладиган Golden Boy мукофотини қўлга киритади.

Кўплаб бошқа футболчилар қатори Ламин Ямалнинг ҳам қизиқарли ҳаёт йўли бор. Жумладан, унинг Ламин Ямал деб номланишининг ҳам ўз тарихи бор. Ҳозир шулар ҳақида гаплашамиз.

Дўстлар шарафига номланган бола

Тўлиқ исм-шарифи Ламин Ямал Насровий Эбана бўлган футболчи 2007 йил 13 июлда Испаниянинг мухторият ҳуқуқига эга бўлган Каталония провинциясида африкалик муҳожирлар оиласида туғилади.

Ламин Ямалнинг отаси келиб чиқиши марокашлик бўлган Мунир Насровий, онаси Эквоториал гвинеялик Шейла Эбана исм-шарифли аёл бўлган.

Мунир ва Шейла Испанияда танишиб оила қуради. Ўша пайтларда оиланинг молиявий вазияти бирмунча оғир эди. Шу сабабли уларга дўстлари ёрдам бериб туради. Айниқса Мунирнинг Ламин ва Ямал исмли дўстлари уларнинг оиласига кўп яхшиликлар қилади.

Шу сабабли хотини ҳомиладор бўлган пайтда Мунир дўстларига агар ўғил фарзанд кўрса уларнинг номини қўйишини айтади. Кўп ўтмай Мунир ва Шейла ўғил фарзанд кўришади. Ота дўстларига берган ваъдасини бажаради ва болага Ламин Ямал Насровий Эбана деб исм-шариф беради.

Ламин Ямал уч ёшга тўлганида оила ажрашиб кетади. Ўшанда у навбати билан ҳар икки томонда – отаси ва онаси билан бирга яшайди. Отасининг олдига келганида унинг тарбияси билан асосан Мунирнинг онаси шуғулланади.