Жамият | 08:45
2072
2 дақиқада ўқилади

Электр таъминоти тизимида мансабдорлар пора билан ушланди

Сурхондарё ва Андижон вилоятларида электр таъминоти тизимида фаолият юритувчи икки мансабдор шахс пора олиш билан боғлиқ ҳолатларда қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати

Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ «Энергосавдо» филиали туман бўлими муҳандиси хизмат мавқеини суиистеъмол қилган.

У фуқарога тегишли савдо дўконида электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилгани юзасидан тузилган далолатномани қонуний тартибда кўриб чиқмаслик, ишни судга юбормаслик ҳамда янги электр ҳисоблагичини ўрнатиб, рўйхатдан ўтказиб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида муҳандис аввал олган 200 АҚШ доллари ва 1 млн 50 минг сўмдан ташқари, қолган 500 АҚШ доллари ҳамда 2,4 млн сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ҳам коррупция билан боғлиқ ҳолатда қўлга олинди.

У туман электр тармоқлари корхонаси ходимларининг ойлик фаолият кўрсаткичлари бўйича ҳисоботларини вилоят филиалидаги танишлари орқали ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилган. Тезкор тадбирда мансабдор шахс ходимлар томонидан йиғиб берилган 300 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланди.

Ҳар икки ҳолат юзасидан мансабдорларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид