Кимё, нефт-кимё ва нефт-газни қайта ишлаш саноатининг хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва нохуш ҳодисаларни таснифлаш бўйича услубий тавсиялар лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад авария ва нохуш ҳодисаларни бир-биридан фарқлаш мезонларини белгилаш, шунингдек амалдаги норматив-техник ҳужжатлардаги атама ва талабларни қонунчиликка мувофиқлаштиришдан иборат.
Лойиҳа кимё, нефть-кимё, нефть ва газни қайта ишлаш саноатининг хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек бошқа саноат тармоқларидаги портлаш, ёнғин ва зарарли кимёвий объектлардан фойдаланувчи корхона ва ташкилотларга татбиқ этилиши назарда тутилган.
Ҳужжатда амалдаги қонунчиликдан келиб чиқиб, авария иншоотлар ёки хавфли ишлаб чиқариш объектларида фойдаланиладиган техник қурилмаларнинг бузилиши, назорат қилиб бўлмайдиган портлаш ёки хавфли моддаларнинг ажралиб чиқиши сифатида белгиланган.
Нохуш ҳодиса эса техник қурилманинг ишдан чиқиши ёки шикастланиши, технологик жараён режимидан четга чиқиш, шунингдек саноат хавфсизлиги соҳасидаги қонунчилик ва норматив-техник ҳужжатлар талабларининг бузилишини англатади.
Кимё, нефть-кимё ва нефть-газни қайта ишлаш саноатида портлашлар, ёнғинлар, хавфли моддаларнинг чиқиши, шунингдек иншоотлар, техник қурилмалар ёки уларнинг элементлари бузилиши авариялар қаторига киритилади.
Лойиҳага кўра, чанг-газ-ҳаво аралашмасининг алангаланиб портлаши авария сифатида таснифланади. Бундай ҳодиса технологик тизимда, ишлаб чиқариш биносида ёки очиқ майдонда содир бўлиши мумкин.
Технологик жараён параметрларининг белгиланган меъёрлардан четга чиқиши оқибатида аппарат ёки технологик тизим ичидаги реакцион муҳитнинг портлаши ҳам авария ҳисобланади.
Шунингдек, ёнғин ва портлаш хавфи бўлган моддаларнинг тўкилиши билан боғлиқ, моддий зарар етказадиган ёки одамлар ҳаёти ва соғлиғи, жамият манфаатлари ҳамда атроф-муҳитга зарар келтирадиган назоратсиз ёниш ҳолатлари ҳам ушбу тоифага киритилади.
Кимёвий хавфли, портловчи ва ёнувчи моддаларнинг чиқиши ёки оқиб кетиши ҳам авария сифатида баҳоланиши мумкин.
Бундан ташқари, портлаш ёки ёнғин билан боғлиқ бўлмаган ҳолда технологик асбоб-ускуналар ва қувурлар, бинолар ва иншоотларнинг тўлиқ ёки қисман бузилиши ҳам авариялар таснифига киритилмоқда.
Жабрланганлар бўлишига, қурилмаларнинг тўлиқ ёки қисман ишдан чиқишига ҳамда маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўхташига олиб келган тегишли ҳодисалар ҳам авария сифатида таснифланади.







