Эронга қарши иқтисодий уруш

Америка феврал охирида Эронга қарши уруш бошлаганди. Тезда тугаши мақсад қилинган уруш ярим йил ўтиб боши берк кўчага кириб қолди. Америка жаҳон чемпионатигача ҳаммасини тугатмоқчи эди, лекин дунёдаги энг томошабоп мусобақани ҳам уруш ҳолатида ўтказди. Ҳали ноябрдаги оралиқ сайловларда ҳам уруш тугамаган бўлса керак.

Ҳарбий ва сиёсий мақсадларига эриша олмаган Трамп маъмурияти эндиликда Эронга қарши иқтисодий уруш вариантини кўриб чиқмоқда. Америка энди биз билан бўлмаганлар бизга қарши деган принципга таяниб, Эрон билан бизнес қиладиганларга ҳам санкция билан таҳдид қиляпти.

Америка Эронга қарши янги санкциялар ҳақида эртага ўтказилажак матбуот анжуманида эълон қилиши кутилмоқда. Вашингтон Эронга ёрдам бераётган ҳаммани жазоламоқчи. «Биз билан бўлмаганлар бизга қаршидир. Эрон билан бизнес қилсангиз, пул ўтказсангиз, нефт сотиб олсангиз, Америка ҳукумати сизга қарши бор кучини ишга солади», деди молия вазири Скотт Бессент.

Америка вице-президенти Жей Ди Вэнснинг айтишича, иқтисодий босим «Вашингтон қўлидаги энг самарали таъсир воситаси» экан. Жаноблар, шу ишингизни уруш бошлашдан аввал қилсангиз нима бўларди? Шунча уруш, шунча қон тўкилиши, шунча катта кетиш ва энг охирида мақсадингизга барибир санкциялар орқали эришаркансиз, нега бошидан урушмай «энг самарали таъсир доирангиздан» фойдаланмадингиз? Қизиғи, Эрон санкциялар таъсири остида яшаш бўйича «жаҳон чемпиони». Бу давлат 1979 йилги инқилобидан буён санкциялар остида яшаб келади. Эрон Европа шарқидаги бир давлатга ўхшаб «санкция бизни кучлироқ қилади», демайди, шунчаки бундай шароитда қандай яшашни яхши билади.

Трамп Ким билан учрашмоқчи

АҚШ президенти Трамп Шимолий Корея етакчиси Ким Жонг Ун билан кўришмоқчи. Бу учрашув ноябрда Хитойда бўлиши мумкин. Америка президенти олдин ҳам икки марта Шимол етакчиси билан кўришган. Бир марта Виетнамдаги саммитда, кейин икки Корея ўртасидаги қуролсиз ҳудудда. Лекин ўша учрашувлардан кейин ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган. Трамп шунчаки Ким билан сратга тушган холос. Бу галги учрашувнинг энг асосий натижаси ҳам икки сиёсатчининг бирга тушган расми бўлишига шубҳа қилмасангиз бўлади.

Трамп бу учрашув ўтказилиши учун Американинг Жанубий Корея билан анъанавий ҳарбий машғулоти муддатини кескин қисқартирди. Журналистларга Ким билан кўришмоқчи экани, у билан яна мулоқот ўрнатилгани ҳақида сиёсий ғалабадек айтиб берди. Ваҳоланки, дўсти Си Жин Пинга айтса, Шимол етакчисини бир пасда телефонда улаб берган бўларди.