Бугун тунда нимчорак финал доирасидаги илк ўйинда турнир мезбонларидан бири Канада ҳимоячилари турнир кашфиётларидан бирини тўхтатиши талаб этилади. У Испанияда туғилган, футболчилик фаолиятини Белгияда бошлаган, кейин эса Нидерландия чемпионатига ўтиб, сўнгги икки мавсумда ПСВ сафида порлаган, энди эса жаҳон чемпионатида рақиб ҳимоячиларининг даҳшатли тушига айланмоқда. Исмоил Сайбари – Марокаш миллий жамоасининг янги юлдузи. У янги мавсумда голларини Мюнхеннинг «Бавария» клубида ура бошлайди.
Немислар клуби унинг трансферини жаҳон чемпионатидан олдинроқ ҳал қилиб қўйганди. Агар клуб отни вақтида қамчиламаганида қимматроқ тўлашига (ҳозирда ПСВ билан 55 млн еврога келишилган) тўғри келган бўларди.
Мураббий топилмаси
Марокашлик форвард гуруҳ босқичида учта гол урди. Бразилия, Шотландия ва Ҳаитига биттадан. Унинг голларидан ҳар бирини – мини-шедевр дейиш мумкин.
Бразилия билан ўйинда Сайбари яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва тўпни Алисон устидан ошириб ташлади. Шотландия билан ўйинда – офсайд чизиғида ҳаракат қилган ҳолда идеал тарзда очилиб, жарима майдонига киришда тўпни қабул қилиб олди ва кучли зарбаси билан олис тўққизликни аниқ нишонга олди. Икки ҳолатда ҳам Сайбарига Браим Диас ассистентлик қилди. Испанияда туғилган бу футболчилар бир-бирини жуда яхши тушунишади (том маънода ҳам, футбол тили маъносида ҳам) ҳис қилишади. Марокаш учун кутилмаганда мураккаб кечган Ҳаитига қарши ўйинда (4:2) эса Исмоил биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Ашрафа Ҳакимининг қанотдан оширган пасини қабул қилди ва тўпни ерлатиб бурчакка йўллади, бу ҳолатда рақиб дарвозабони жойидан қимирлашга ҳам улгурмади.
Плей-оффнинг илк ўйинида ҳам у мунтазам равишда Нидерландия ҳимоячиларини таҳлика остида ушлаб турди, унинг ван Ҳекке билан дуэли бу турнирдаги энг қизғин қарама-қаршиликлардан бирига айланди (тўқнашувлардан бирида футболчининг қоши ҳам ёрилди), якунда эса пеналтилар сериясида айнан Сайбари сўнгги зарбани аниқ йўллаб, жамоасини кейинги босқичга олиб чиқди.
Ҳолбуки ушбу 25 ёшли футболчи фаолиятини марказий ҳужумчи сифатида бошламаган ва яқингача ҳужумкор яримҳимоячи ёки чап қанот вингери амплуасида ўйнаган. Фақат шу йил баҳорида Марокаш бош мураббийи этиб тайинланган Муҳаммад Ваҳбий Исмоилни у ҳали ҳеч қачон ўйнамаган позицияга жойлаштирди.
Бу қарор жамоанинг янгиланган динамик ўйин услубига Африка кубогида асосий ҳужумчи бўлган ва асосан бош билан гол уришга ихтисослашган Юсуф Ан-Носирийдан кўра жисмоний куч ва тезликни ўзида мужассамлаштирган Сайбарининг хусусиятлари кўпроқ мос келиши билан изоҳланади. Исмоил – бутунлай бошқа пландаги, кўп функцияли универсал футболчидир. У майдон бўйлаб аъло даражада ҳаракатланади, узоқ масофадан аниқ ва кучли зарба бера олади, дриблинги ҳам ёмон эмас ва гол сезиш қобилиятига эга. Моҳиятан, ҳозирги схемада Сайбари ҳужум найзасининг учи эмас, балки «алдамчи тўққизлик» ҳисобланади.













