Ҳужжат билан “Ўзбекистон Республикасида коммунал, маиший ва савдо соҳасида хизмат кўрсатган ходим” фахрий унвони негизида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган коммунал хўжалиги ходими” фахрий унвони таъсис этилмоқда.

Таъкидланишича, ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади — коммунал хўжалиги ходимларининг кўп йиллик ҳалол ва самарали меҳнатини эътироф этиш, уларнинг жамиятдаги нуфузи ва ижтимоий мақомини ошириш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳада юқори касбий маданият, масъулият ва фидойиликни рағбатлантиришдан иборат.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши соҳадаги ходимларнинг касбий фаолиятини муносиб қўллаб-қувватлаш, ёш ва малакали кадрларни соҳага жалб этиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда коммунал хўжалиги тизимида хизматлар сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.