Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Покистонда чақалоқлар ўлими

Бугун тонгда Покистондан даҳшатли хабар келди: Исломобод шаҳридаги шифохонанинг туғуруқ бўлимида келиб чиққан ёнғин оқибатида камида 15 нафар чақалоқ ҳалок бўлган.

«Ёнғин касалхонанинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими учинчи қаватида бошланди», дейилади Исломобод округи маъмурияти хабарида. Қутқарувчилар сўзларига кўра, ёнғин эрталаб соат 06:45 лар атрофида чақалоқлар хонасида кондиционернинг портлаши туфайли келиб чиққан.

Ўша вақтда палатада 16 нафар янги туғилган чақалоқ бўлган ва улардан фақат биттаси қутқариб қолинган. Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф воқеа юзасидан зудлик билан тергов ўтказишга топшириқ берди.

«Болалар билан боғлиқ фожиа – ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдир. Айбдорлар аниқланиши ва уларга нисбатан энг қатъий чоралар кўрилиши шарт», деди у.

Покистонда тиббиёт соҳаси давлат томонидан субсидияланса-да, давлат касалхоналари кўпинча ресурслар етишмовчилиги ва ортиқча юклама муаммосидан азият чекади.

АҚШ бош разведкачиси Москвада

АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) директори Жон Ратклифф сешанба куни Россия расмийлари билан учрашиш учун Москвага борган. Бу ҳақда АҚШ нашрлари ўз манбаларига таяниб хабар тарқатди.

Бу 2021 йил ноябридан бери АҚШ бош разведкачисининг Россияга қилган биринчи, маълум ташрифи ҳисобланади. Ўша учрашувдан тахминан уч ой ўтиб, Путин Украинага қарши уруш бошлаганди.

Ратклифф Трампнинг биринчи муддатида миллий разведка директори бўлиб ишлаган. Ташриф ҳақида хабар берган нашрлар унинг ким билан учрашаётгани ёки музокараларда қандай масалалар кўриб чиқилишини айтмаган.

МРБ ҳам изоҳ беришдан бош тортди. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков эса бу хабарни тасдиқламади, аммо рад ҳам этмади.

Reutersʼнинг ёзишича, олдинроқ АҚШ Украинадан – шу ҳафтанинг душанба, сешанба ва чоршанба кунлари Москва, Санкт-Петербург ва айрим шимолий ҳудудлар бўйлаб авиазарбалар бермасликни сўраган. Бунга сабаб юқори мартабали АҚШ расмийси самолётининг Россия пойтахтига учиши бўлган.