Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Непалда ҳалокатли сув тошқинлари
26 август тонгида Ҳимолай дарёсига улкан лой ва тош массаси қулаб, ҳалокатли сув тошқинларини келтириб чиқарди. Расмийларга кўра, фожиа оқибатида 160 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган. Непал ва Хитойнинг Тибет ҳудуди бўйлаб қарийб 1500 киши, жумладан, 800 нафар чет эл фуқароси бедарак йўқолди.
Тасдиқланган видеоларда Жирон чегара пункти атрофида ўнлаб одамларни улкан сув ва вайроналар оқими оқизиб кетаётгани кўринади. Оқимнинг қуйи қисмидаги Непалда эса уйлар, йўллар ва энергетика иншоотлари ювилиб кетгани акс этган.
АҚШ Геология хизматининг таъкидлашича, дастлаб 4,4 магнитудали деб хабар қилинган зилзила аслида музлик тошларнинг қулаши ва вайроналар оқими натижасида юзага келган сейсмик энергия бўлган.
Офат – Тибет ва Непал пойтахти Катмандуни боғловчи, сайёҳлар ва зиёратчилар гавжум бўлган тоғли ҳудудни ювиб кетди.
«Қурбонлар сони ошиши мумкин. Чунки биз қидирув ишларини қайта тикладик ва яна кўплаб жасадлар топилиши кутилмоқда», деди полиция матбуот котиби Аби Нараян.
Полиция ва туризм расмийларининг таъкидлашича, Непалда бедарак йўқолган 826 кишининг қарийб 600 нафари хорижликлардир. Бедарак йўқолган сайёҳлар асосан Ҳиндистон, АҚШ, Австралия, Канада, Украина ва бошқа давлатлардан келган.
Хитой томонидан эса Тибетнинг Жирон округида яна 558 киши бедарак йўқолган, уларнинг 260 нафари чет эл фуқаролари.
Непал армияси омон қолганларни қидириш ва жасадларни топиш учун 5000 дан ортиқ ҳарбий ва қутқарувчини жалб қилган. АҚШ Давлат департаменти табиий офатларни бартараф этиш бўйича маслаҳатчи юбормоқда. Шунингдек, 500 минг доллар ёрдам кўрсатилади. БМТ ҳам Непални қўллаб-қувватлаш учун ёрдам ускуналари ва ходимлар юбормоқда.
МРБ директорининг ташрифи
Марказий разведка бошқармаси директори Жон Ратклифф Москвага ташрифи чоғида Россияни НАТО аъзоларига ҳужум қилишдан огоҳлантирган бўлиши мумкин. Бу ҳақда икки манба ва британиялик амалдорга таяниб Politico нашри хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, гап можаронинг — Эстония, Латвия ва Литвага нисбатан кескинлашиб кетишига йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида борган. «Учрашувдан кўзланган мақсад Россияни Болтиқбўйи мамлакатларига нисбатан можаронинг кескинлашишига олиб келадиган ҳар қандай ҳаракатлардан огоҳлантиришдан иборат эди», дейди нашр суҳбатдоши.








