Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
АҚШ-Эрон ҳужумлари тикланди
Кеча АҚШ ва Эрон ўртасида сўнгги ҳафталардаги энг йирик ҳужумлар алмашинуви юз берди. АҚШ Марказий қўмондонлиги Муҳофизлар корпуси объектларига, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳудудлари, радар тизимлари, денгиз иншоотлари, мина ётқизиш воситалари ҳамда алоқа узелларига қарши қатор зарбалар тўлқинини якунлаганини маълум қилди.
Эрон ОАВлари мамлакат бўйлаб бир нечта объектларга ҳужум уюштирилгани, уларнинг аксарияти Ҳўрмуз яқинида эканини хабар қилди.
Ўз навбатида, Эрон ҳам Баҳрайн, Иордания ва Ироқдаги АҚШ активларига зарба берганини маълум қилди. Муҳофизлар Иорданияда кўп сонли АҚШ ҳарбийларини ўлдирганини таъкидлаган, аммо ҳозирча АҚШ қурбонлар бўлмаганини айтмоқда.
Иордания ўз ҳаво ҳудудига кирган 13 та баллистик ракетадан 10 таси уриб туширилганини ва учтаси чекка ҳудудларга қулаганини билдирди. Баҳрайн Эрон дронлари ушлаб қолиниб, йўқ қилинганини маълум қилди.
Эрон Қизил ярим ой жамиятининг хабар беришича, соҳилдаги Сирик шаҳри яқинидаги тўйхонага берилган АҚШ зарбаси оқибатида беш киши ҳалок бўлган ва 50 дан ортиқ инсон жароҳатланган. АҚШ расмийлари бу воқеага ҳозирча изоҳ бергани йўқ.
Мазкур ўзаро ўт очишлар июлдан бери юз берган илк жиддий тўқнашув. У томонлар ўт очишни тўхтатиб турган, аммо музокараларга қайтишга унчалик қизиқиш билдирмаган даврга якун ясади.
«Менга бизнинг ҳозирги позициямиз кўпроқ ёқяпти, Ҳўрмуз бўғози деярли тўлиқ назоратимизда, уларнинг иқтисодиёти эса мутлақо қулаб бормоқда», деди Трамп. Шунингдек, Трамп эронликларни бош кўтариб, «курашга» чорлади.
Эрон эса АҚШ ва унинг иттифоқчиларига таҳдид қилиб, бу ҳужумлар «кенг қамровли ва вайронкор жавобларга олиб келиши» ҳақида огоҳлантирди.
Россия-Украина уруши
Украинанинг янги қарши ҳужумлари Россия устидаги бутун ҳаво бўшлиғини хавфли қилиб қўяди. Бу ҳақда сешанба куни Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.
«Бугун биз Россия ҳаво бўшлиғидан фойдаланаётган ҳар бир авиакомпанияни, ҳар бир суғуртачини ва Россиянинг асосий аэропортларидан фойдаланаётган барчани огоҳлантирмоқчимиз: Россия осмони бутунлай хавфли бўлиб қолмоқда», деб таъкидлади Украина раҳбари. Унинг сўзларига кўра, Россия осмонида «дронлар бўлади ва буни ҳисобга олиш керак».






