Йиғилишда таъкидланишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, АТ хизматлари ва дастурий маҳсулотлар экспортини 5 миллиард долларга етказиш, соҳада 300 минг нафар ёшларни банд қилиш ҳамда БМТ Электрон ҳукумат индексида юртимизни дунёнинг етакчи 30 давлати қаторига киритиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Қайд қилинишича, ҳозир сунъий интеллект йўналишида 100 га яқин амалий лойиҳа ва 200 дан ортиқ тажриба-синов ташаббуслари бошланган. Жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг 3-мис бойитиш фабрикасида сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқариш занжирини реал вақт режимида таҳлил қилиш йўлга қўйилгани натижасида энергия сарфи 10 фоизга, таннарх 15 фоизга қисқарган, меҳнат унумдорлиги эса 10 фоизга ошган.
Бундай лойиҳалар самарадорлигини таъминлаш учун 24 миллион долларлик GPU-кластерга эга сунъий интеллект инфратузилмаси ишга туширилган. Йил якунигача қўшимча ҳисоблаш қувватларини кенгайтириш учун яна 45 миллион долларлик ускуналарни жалб қилиш режалаштирилган. Таъкидланганидек, энди бу инфратузилмадан тўғри ва самарали фойдаланиш, уни тармоқлар кесимида аниқ натижа берадиган ечимлар билан боғлаш муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда тиббиёт, энергетика, транспорт, божхона, солиқ, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга оид 130 дан зиёд маълумотлар базасини тизимлаштириш, улар билан ишлаш муҳитини шакллантириш ҳамда сунъий интеллект моделларини жорий қилиш режалари кўриб чиқилди. Бу орқали давлат хизматларида фойдаланувчиларга тақдим этиладиган сервисларни кенгайтириш, давлат бошқаруви жараёнларида таҳлил ва қарор қабул қилиш сифатини ошириш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида харажатларни камайтириш ва самарадорликни юксалтириш кўзда тутилмоқда.
Тақдимотда сунъий интеллект технологияларини қўллашнинг соҳавий йўналишларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, соғлиқни сақлашда инсульт ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш, тиббий кўрик жараёнларини автоматик баёнлаштириш, рақамли тиббий ёрдамчи дастурларни жорий этиш; қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлигини прогноз қилиш, фитосанитар хавфлар бўйича фермерларнинг хабардорлигини таъминлаш, яйловларнинг ҳолатини мониторингини уюштириш; транспорт соҳасида йўл қопламалари ва темир йўл инфратузилмасини мониторингини ўтказиш, ҳайдовчини хавфли вазиятлардан огоҳлантириш, «ақлли» транспорт тизимларини ривожлантириш; қурилиш ва саноатда эса қонунбузарликларни аниқлаш, смета ҳужжатларини кўриб чиқиш муддатини қисқартириш, видеотаҳлил орқали ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қилиш каби лойиҳаларни кенгайтириш назарда тутилган.
















