Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Майнинг зонаси резидентлари учун янги қоидалар тасдиқланди
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган Besqala Mining Valley махсус майнинг зонаси резидентларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолиятини амалга ошириш тартиби расман тасдиқланди. Янги низом майнинг фаолиятини ташкил этиш, резидент мақомини бериш ва электр энергиясидан фойдаланиш шартларини белгилайди.
Адлия вазирлиги томонидан Besqala Mining Valley махсус майнинг зонаси резидентларини рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом давлат рўйхатидан ўтказилди (3893-сон, 2026 йил 8 июл).
Низомга кўра, махсус майнинг зонасининг ҳудуди Қорақалпоғистон Республикасининг бутун ҳудудини қамраб олади.
Махсус зона резиденти мақомини фақат Қорақалпоғистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтган ва фаолият юритаётган юридик шахслар олиши мумкин.
Резидент сифатида рўйхатдан ўтиш учун аризаларни кўриб чиқишда давлат божи ёки бошқа йиғим ундирилмайди. Аризани қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисидаги қарор ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 30 кун ичида қабул қилинади.
Шунингдек, махсус майнинг зонаси ҳудудида криптоактивлар майнинги билан шуғулланиш учун ягона электр энергетикаси тизимидан олинадиган электр энергиясидан фойдаланишга рухсат берилган.
Бироқ мазкур фаолият учун истеъмол қилинган электр энергияси ҳақи амалдаги тарифга нисбатан икки баравар оширувчи коэффициент қўлланган ҳолда ҳисобланади.
Мазкур тартиб махсус майнинг зонаси фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ва криптоактивлар майнинги соҳасини аниқ қоидалар асосида ривожлантиришга қаратилган.