Украина Қуролли кучлари Россия жанубидаги нефтни қайта ишлаш инфратузилмасига учувчисиз учиш аппаратлари орқали зарбалар берди. Ҳужумлар Краснодар ўлкасидаги Афип ва Ростов вилоятидаги Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводларига тўғри келгани хабар қилинмоқда.

Украина мониторинг каналлари Exilenova+ ва Supernova, шунингдек, Astra нашри маълумотларига кўра, Краснодар ўлкасидаги ҳужумнинг асосий нишонларидан бири Афип нефтни қайта ишлаш заводи бўлган. У Россия жанубидаги йирик нефтни қайта ишлаш корхоналаридан бири ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, 2026 йил бошидан буён Афип НҚЗ Украина дронлари ҳужумига бешинчи марта учрамоқда. Бундан аввал заводга 21 январ, 14 март, 11 июн ва 14 июл кунлари ҳужумлар қайд этилган.

Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев Северский туманига учувчисиз аппаратлар ҳужум қилганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, уриб туширилган дронлардан бирининг парчалари Афипская темирйўл станцияси ҳудудига тушган.

Ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна икки киши жароҳатланган. Шунингдек, губернатор «нефтни қайта ишлаш корхонаси ҳудудида» ёнғин бошланганини маълум қилган.

Афипский посёлкасида ҳам камида 10 та хусусий уй турли даражада шикастланган.

Новошахтинск нефт заводи ишини тўхтатди

Шу билан бирга, Украина дронлари Ростов вилоятидаги қатор объектларга ҳам ҳужум қилган.

Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар маълумотига кўра, ҳудудга тахминан 30 та дрон билан ҳужум уюштирилган. Учувчисиз аппаратлар Гуково, Каменск-Шахтинский ва Новошахтинск шаҳарлари, шунингдек, Каменск, Тарасов ва Родионово-Несветай туманларида қайд этилган.

Новошахтинск шаҳрида ҳужум натижасида тўртта хусусий уйга зарар етган. Каменск туманида 4,5 гектар майдонда ўрмон ёнғини бошланган, Красносулинск туманида эса қуруқ ўт ёнган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳудудларда жабрланганлар бўлмаган.

Кейинроқ Ростов вилояти раҳбари Новошахтинск нефтни қайта ишлаш заводи ҳам зарбалар натижасида шикастланганини тасдиқлаган. Корхона етказилган зарар сабаб ўз фаолиятини вақтинча тўхтатган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса тун давомида Россия ҳудудлари, қўшиб олинган Қрим, шунингдек, Қора ва Азов денгизлари акваториялари узра жами «148 та ҳаво нишони» йўқ қилинганини билдирган.