Халқаро молия маркази нима?
Тасаввур қилинг: бир шаҳар ичида алоҳида ҳудуд бор. Бу ҳудудда дунёнинг энг йирик банклари, инвестиция компаниялари, суғурта ташкилотлари, молиявий технология (финтех) фирмалари фаолият юритади. Улар бу ерга келишининг сабаби — ушбу ҳудудда улар учун таниш, тушунарли ва ишончли қоидалар амал қилади: халқаро стандартларга мос ҳуқуқий муҳит, мустақил суд, солиқ имтиёзлари ва бюрократик тўсиқларнинг йўқлиги.
Айнан шундай модель ХХ аср охири — XXI аср бошида жаҳон амалиётида ўзини тўла оқлади. Лондон ва Нью-Йорк каби тарихий молия пойтахтларидан ташқари, сўнгги ўн йилликларда "янги авлод" молия марказлари пайдо бўлди. Уларнинг энг ёрқин намуналари — Дубай халқаро молия маркази (DIFC), Сингапур ва қўшни Қозоғистондаги Остона халқаро молия маркази (AIFC).
Дубай тажрибаси айниқса ибратли. 2004 йилда ташкил этилган ДИФС бугунги кунда Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Осиё минтақасининг энг йирик молиявий уясига айланди: бу ерда минглаб компаниялар рўйхатдан ўтган, ўн минглаб юқори малакали мутахассислар ишлайди. Унинг муваффақияти сири оддий: араб давлати ўз ҳудудининг бир қисмида инглиз умумий ҳуқуқини жорий этди, мустақил суд ва регулятор тузди — ва халқаро капитал бунга ишонч билан жавоб берди. Остона ҳам 2018 йилда худди шу йўлдан борди ва қисқа муддат ичида Марказий Осиёда инвестицияларни жалб қилишнинг муҳим воситасига айланди.
Энди бу қаторга Тошкент қўшилмоқда. Ва муҳими — биз бошқаларнинг тажрибасини шунчаки нусхаламаяпмиз, балки энг илғор амалиётларни ўрганиб, уларни миллий манфаатларимизга мослаштирган ҳолда жорий этмоқдамиз.
Нега бу қонун «Конституциявий» деб аталади?
Бу савол кўпчиликни қизиқтирса керак. Гап шундаки, молия маркази ҳудудида одатий қонунлардан фарқ қилувчи махсус ҳуқуқий режим амал қилади. Бундай режимни жорий этиш учун эса энг юқори даражадаги ҳуқуқий асос талаб этилади. Шу боис қонун билан бир вақтда Конституциямизнинг 15-моддасига ўзгартириш киритилиб, алоҳида ҳудудларда Конституциявий қонун асосида махсус ҳуқуқий режим ўрнатилиши мумкинлиги мустаҳкамланди. Бундан ташқари, еттита кодекс ва ўттиздан ортиқ қонунга мувофиқлаштирувчи ўзгартишлар киритилди.
Бу — ҳуқуқий тизимимиз тарихида мисли кўрилмаган кенг кўламли ислоҳот. Ва у шошмашошарлик билан эмас, пухта парламент муҳокамаси орқали амалга оширилди: Сенат қонуннинг дастлабки таҳририни қайта ишлаш учун қайтарди, келишув комиссияси инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нормаларини кучайтирди ва фақат шундан кейингина ҳужжат маъқулланди. Бу жараён ўзи ҳам давлатимизнинг сифатли қонун ижодкорлигига бўлган ёндашувини кўрсатади.







