Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов 28 август куни ХХРнинг Ҳонконг махсус маъмурий ҳудудидаги “Бир макон, бир йўл” офиси раҳбари Николас Хо Лик-Чи билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда Тошкент–Самарқанд пулли автомобил йўли қурилиши лойиҳасини молиялаштиришда Ҳонконг банкларининг иштироки масаласи кўриб чиқилди. Лик-Чи бу лойиҳа Ҳонконг томони учун устувор эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳонконг ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги Ҳукуматлараро битимни имзолаш ҳамда тўғридан тўғри мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.


“Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ва истиқболли лойиҳаларни пухта ишлаб чиқиш бўйича амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар”, – дейилади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил май ойида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Ҳонконгга ташриф буюрган эди.
Тошкент–Самарқанд пулли йўли қурилишига 22 август куни старт берилди. 2,2 млрд долларлик лойиҳанинг молиялаштириш манбалари очиқланмаган.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовга кўра, лойиҳа икки босқичда амалга оширилади: аввалига Хитойнинг China Overseas Engineering Group (COVEC) компанияси автомагистрални қуриб, уни 2030 йилда фойдаланишга топширади, кейин тайёр йўлни бошқариш учун оператор компания танланади ва у магистрални пулли йўлга айлантиради.







