Google Maps картография хизмати 29 августдан АҚШ президенти Доналд Трампнинг 27 августда Онтарио кўлини «Америка кўли» деб қайта номлаш тўғрисидаги фармонига мувофиқ хариталардаги номни ўзгартирди.
Онтарио кўли АҚШ ва Канада чегарасида жойлашган бешта Буюк кўлнинг энг кичиги ҳисобланади.
Google қарорни АҚШнинг Географик номлар ахборот тизими — GNISʼда расмий ном ўзгартирилгани билан изоҳлади.
Компания маълумотига кўра, Google Maps расмий давлат манбаларидаги маълумотлар асосида янгиланади. Шу сабаб АҚШдаги фойдаланувчилар харитада «Америка кўли» номини кўради.
Канададаги фойдаланувчилар учун эса сув ҳавзаси аввалгидек «Онтарио кўли» деб кўрсатилади. АҚШ ва Канададан ташқари бошқа мамлакатлардаги фойдаланувчиларга ҳар икки ном тақдим этилади.
Google бу амалиёт турли мамлакатларда номлари фарқ қиладиган сув ҳавзаларига нисбатан компаниянинг узоқ йиллардан бери қўлланиб келаётган сиёсатига мувофиқ эканини таъкидлади.
Бу Google Maps Трамп қарори ортидан географик объект номини ўзгартирган биринчи ҳолат эмас.
2025 йил феврал ойида ҳам компания АҚШдаги фойдаланувчилар учун Мексика қўлтиғини «Америка қўлтиғи» деб кўрсата бошлаган эди. Бу ҳам объектнинг номи АҚШнинг GNIS тизимида ўзгартирилганидан кейин амалга оширилган.
Шунингдек, АҚШ расмийлари Трамп ташаббуси билан Аляскадаги Денали тоғининг номини Мак-Кинли деб қайта ўзгартирган.
Онтарио кўлини қайта номлаш АҚШ ва Канада янги савдо келишуви бўйича муросага кела олмаганидан бир неча кун ўтиб амалга оширилди. Музокаралар муваффақиятсиз якунлангач, Вашингтон Канаданинг қатор товарларига 50 фоизлик божлар жорий этди. Оттава ҳам АҚШнинг айрим товарларига 50 фоизгача бож киритишини маълум қилди.
Канада бош вазири Марк Карни Трампнинг Онтарио кўлини қайта номлаш қарорини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, «Онтарио» номи 400 йилдан ортиқ вақтдан бери мавжуд ва Канада бу номдан воз кечмоқчи эмас.
Онтарио провинцияси бош вазири Даг Форд ҳам 29 август куни кўлнинг Канада томонидаги соҳилига «Онтарио кўли: ҳозир ва ҳамиша» деган ёзув туширилган билборд ўрнатди.
Форднинг айтишича, Трамп кўлни истаганича аташи мумкин, аммо дунёнинг қолган қисми уни «Онтарио кўли» деб аташда давом этади.



