Меҳнат қонунчилигига кўра, дам олиш кунлари ёки ишланмайдиган байрам кунларида бажарилган иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши лозим.
Ташкилотнинг ички ҳужжатларида эса бундай кунларда ишлаганлик учун икки ҳиссадан ҳам кўпроқ миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин.
Шу билан бирга, ходим дам олиш ёки ишланмайдиган байрам кунидаги меҳнати учун оширилган ҳақ ўрнига бошқа дам олиш куни берилишини танлаш ҳуқуқига эга.
Бундай ҳолатда ходимга ишлаган дам олиш ёки байрам куни учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ва унинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни берилади.
Қонунчиликда иш графигига мувофиқ меҳнат қиладиган ходимлар учун ҳам алоҳида тартиб белгиланган.
Хусусан, ходим меҳнат шартномаси ёки иш жадвалига мувофиқ умумий белгиланган дам олиш кунида — беш кунлик иш ҳафтасида шанба ёки якшанбада, олти кунлик иш ҳафтасида эса якшанбада ишласа, аммо дам олиш куни унга бошқа кунда берилса, ушбу иш учун бир ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.



