Жамият | 08:55
719
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 3,2 кгга яқин наркотиклар қўлга олинди

Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ноқонуний муомалада бўлган қарийб 3,2 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Ҳолатлар юзасидан бир неча нафар гумонланувчи қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилди.

Фото: ДХХ

«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда пойтахт ИИББ ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қатор тезкор тадбирлар ўтказилди.

Дастлабки ҳолатда Бектемир тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Gentra русумли автомашина тўхтатилиб текширилди. Автомашинада Яшнобод туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган икки нафар фуқаро бўлган. Текширув чоғида транспорт воситаси салонидан бир нечта зип-пакетларга қадоқланган оч сариқ рангли кукунсимон моддалар топилди.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчилар аввалдан яшириб қўйган хуфия жой ҳамда ижарага олган хонадон кўздан кечирилди. У ердан ҳам кукунсимон моддалар, электрон тарозилар ва гиёҳвандлик воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган анжомлар аниқланди.

Экспертиза хулосасига кўра, мусодара қилинган моддалар 1,2 килограмм героин ва 100 грамм мефедрон экани тасдиқланган. Маълум қилинишича, мазкур икки шахс ҳам муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлари учун судланган.

Яна бир тезкор тадбирда Шайхонтоҳур туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган, муқаддам судланган фуқаронинг яшаш хонадонидан 47 грамм гашиш ва 34 грамм опий мусодара қилинди.

Тергов ҳаракатлари давомида уни наркотик моддалар билан таъминлаб келгани гумон қилинаётган Олмазор туманида яшовчи 1980 ва 1985 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ҳам ушланди. Уларнинг автомашиналари ва яшаш хоналари текширилганда, 1,8 килограмм гашиш ҳамда 12 грамм опий аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳар икки ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид