Мбаппе нима деди?

Можарога Франциянинг The Bridge подкастидан олинган лавҳа сабаб бўлди. Унда футболчи ўзи ҳақидаги энг кулгили мем ҳақида сўзлаб берган. У ўз юзи, афтидан «Хитой диктатори» деб атаган инсон тасвири билан бирлаштирилган ролик ҳақида гапирган. Мбаппе Хитойнинг собиқ раиси Мао Цзэдун исмини тилга олмаган, бироқ Хитойда бу сўзлар замонавий давлат асосчисини ҳақоратлаш деб қабул қилинди.

Ҳомийлар ва ТВ

Шартномалар бекор қилинганини биринчи бўлиб Dongpeng (Eastroc) ичимликлар компанияси ва сут маҳсулотлари гиганти Mengniu эълон қилди. Шундан сўнг пишлоқ ишлаб чиқарувчи Milkground компанияси ҳам ҳамкорликдан бош тортди. Бу воқеалар фонида Шанхай биржасида Eastroc акциялари 4,1 фоизгача тушиб кетди, Ҳонконгда эса Mengniu тахминан 3 фоиз йўқотди.

Pedro Pardo / AFP via Getty

Чекловлар медиа соҳасига ҳам таъсир қилди. Хабарларга кўра, CCTV телеканали ўйинчи иштирокидаги рекламаларни эфирдан олган, у қатнашган ўйинлар намойишини тўхтатган ва Weibo‘даги саҳифасидан у билан боғлиқ постларни ўчириб ташлаган. Мбаппенинг ҳар бири миллионга яқин обуначига эга Weibo ва Xiaohongshu тармоқларидаги расмий саҳифаларига қоидабузарлик ҳақида белги қўйилиб, улар чеклаб қўйилди. Dongqiudi спорт портали эса футболчининг сўзларини Хитой учун ҳақоратли деб атаб, уларни таржима қилишдан бош тортди.

Jade Gao / AFP via Getty

Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг позицияси

27 октябрь куни бўлиб ўтган брифингда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Го Цзякунга ушбу можаро юзасидан савол берилди. У хитойликларнинг ҳис-туйғуларига тегадиган сўз ва хатти-ҳаракатлар муқаррар равишда бутун жамиятнинг якдил қаршилигига учрашини таъкидлади. Бироқ дипломат қандайдир аниқ чоралар ҳақида гапирмади.

Узр сўраш

Ўша куниёқ Мбаппе ўз сўзларидан ранжиган барчадан узр сўради ва бу изоҳи ноўрин бўлганини тан олди.

Молиявий контекст

Forbes маълумотларига кўра, Мбаппе дунёдаги энг кўп маош олувчи футболчилар рўйхатида учинчи ўринда туради, Хитой бозори эса унинг учун салмоқли даромад манбаи ҳисобланади. Вазият ривожланишда давом этмоқда, ҳомийлар ҳамда платформалар томонидан янги қарорлар қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмас. Ҳозирча бу қарорлар Мбаппе фойдасига бўлмади.